Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамлар ташвишли: Фарғонада жиноятчилик нега кўпайди?
09:44 / 2022-02-01

Фарғона вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар Кенгашларининг қўшма сессиясида вилоятда қонунчилик ҳолати ва жиноятчиликка қарши кураш борасида 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва бу борада жорий йилда белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Бахтиёр Исмоилов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Дониёр Тошхўжаев сўзга чиқди.

[gallery-5613]

Президентимиз томонидан жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга маҳаллий ҳокимлик ва бошқа мутасадди идоралар зиммасига муҳим вазифалар юкланди. Айни жараёнда коррупция, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида мутлақо янги тартиб-таомиллар жорий этилиб, давлат органларининг жамоат тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Бугунги кунда вилоятдаги 1 минг 55 та маҳаллада 1 минг 48 нафар профилактика инспекторлари фаолият олиб бормоқда. Маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида 8 минг 573 та видеокузатув мосламалари ўрнатилган. 265 та хонадон ва объектлар техник воситалар ёрдамида қўриқловга олинган. Шунингдек, 18 та ташвиш тугмачалари ўрнатилган. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун фото-видео фиксация қилиш автоматлаштирилган тизими жорий этилган.

Афсуски, олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамай, 2021 йилда вилоят ҳудудида содир этилган жиноятлар бир йил олдингига нисбатан икки бараварга кўпайди. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилиши бўйича вилоятда ўта салбий кўрсаткичлар қайд этилди. Олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар республикада ҳар 100 минг аҳоли сонига 226 тадан тўғри келган бўлса, бу кўрсаткич Фарғона вилоятида 429 тага тўғри келди. Маҳалла ҳудудида содир этилган жиноятлар мамлакат миқёсида ҳар 100 минг аҳолига 147 та, Фарғонада 278 тани ташкил этди. «Хавфсиз хонадон», «Хавфсиз ҳовли» тамойиллари асосида жойларда маҳаллабай ишлар тўғри ташкил этилмагани натижасида вилоятдаги 1 минг 55 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 991 таси ёки 94 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилди. Вилоятда қайд этилган қотилликларнинг 32 фоизи оила-турмуш муносабатлари доирасида содир бўлгани, ушбу йўналишда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда профилактик чора-тадбирлар етарли даражада олиб борилмаганидан далолат беради.

Мамлакатимизда фош этилмай қолган жиноятларнинг 29 фоизи айнан Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келаётгани, вилоятда фош этилмаган жиноятларнинг 66 фоизи ўғирлик, 26 фоизи фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ эканлиги ўта ачинарлидир. Жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланмаганлиги, фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлаётгани уларнинг норозилигига сабаб бўляпти. Жиноятларнинг вақтида очилмаслиги эса жабрланувчиларнинг ички ишлар органлари, пировардида давлатга бўлган ишончини пасайтирмоқда. Ёшлар ўртасидаги жиноятлар 2020 йилга нисбатан 77 фоизга ошиб кетгани ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар қониқарсиз эканлигини кўрсатади. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг салмоқли қисми ўғирлик, талончилик, безорилик ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили аёллар ўртасидаги жиноятчилик кўрсаткичи 2020 йилга нисбатан икки бараварга кўпайгани ҳам барчани ҳушёрликка чақириши керак. Жиноятлар вилоят маҳаллалари кесимида таҳлил қилинганда, атиги 64 та маҳалла фуқаролар йиғинида (6 фоиз) жиноят содир этилмаганлигини кўриш мумкин. Жиноят бўлган маҳаллаларнинг энг юқори салмоғи Марғилон шаҳри, Фурқат, Данғара тумани, Фарғона ва Қўқон шаҳри ҳиссасига тўғри келган.

Сессияда фаолияти мобайнида жиддий камчилик ва нуқсонларга йўл қўйган масъуллар жиддий огоҳлантирилди, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ижобий натижага эришган маҳалла фуқаролар йиғини раиси, профилактика инспекторларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

–Жиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг иши эмас, бу барчамизга дахлдор бўлган вазифа, – деди вилоят ҳокими. – Аксарият маҳаллаларда раис ва профилактика инспекторлари ўртасида ҳамкорлик йўқ, ҳисоботлар номутаносиб. Кўплаб ҳолатларда эса ҳатто профилактика инспектори ҳудудидаги жиноятни тўлиқ билмайди. Шунингдек, маҳалла ҳудудида бегона фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар муҳокама этилмаяпти. Айни йўналишда маҳаллада иш бошлаган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, кенг жамоатчилик вакиллари зиммаларидаги бурч ва масъулиятни теран ҳис этишлари зарур.

Сессияда кун тартибига киритилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

М. Сулаймонов, М. Қодиров(сурат), ЎзА