Илмсиз, маърифатсиз жамият ёки мамлакат келажагини тасаввур қилиш мушкул. Айниқса, ҳозирги даврда замонавий билимларни эгалламай туриб, ҳеч бир мақсадга эришиб бўлмайди. Хусусан, ахборот технологияларини ўзлаштириш, умуман IТ соҳаси бўйича чуқур билимга эга бўлиш, мунтазам янги лойиҳа ва ишланмалар устида ишлаш, эгалланган кўникмаларни юрт фаровонлиги, мамлакат ривожи йўлида татбиқ этиш жуда муҳим.
Қувонарлиси, республикамизда ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ёшлар, аёллар сафи тобора кенгаймоқда. Бугунги кунда юзлаб хотин-қизлар стартаплар устида ишлаяпти, янги дастурлар яратиб, IT ва ақлий меҳнатга асосланган бошқа соҳаларни жадал ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Улардан бири – “Plug and Play” компанияси ҳамкорлик бўйича менежери Раъно Сидиқова билан суҳбатимиз ушбу соҳада аёлларимизнинг ўрни, эришаётган ютуқлари ҳақида кечди.
– IT Ўзбекистон учун нисбатан янги йўналиш. Бу соҳа ривожида хотин-қизларнинг ўрни қандай?
– IT ҳаётимизга шиддат билан кириб келган соҳалардан бири сифатида кундалик турмушнинг ҳар дақиқасида учрайди – телефон ишлатганда, тўлов амалга оширилинганда, керакли маълумот қидирилганда ва ҳоказо, мисолларнинг чеки йўқ. Бинобарин, соҳанинг аёллар ёки эркакларга алоҳида хосдиги, монандлиги йўқ.
“Harvard Business Review” тадқиқотига кўра, гуруҳ ёки жамоада аёллар ва эркаклар мувозанатда бўлса, муаммо тез ечилади, ечим сифатли, самарали бўлали. Шунинг учун ҳам дунё бўйлаб кўплаб ривожланган компаниялар жамоада аёл ва эркак, ёш ва тажрибали ходимлар мувозанатини сақлаган ҳолда, турли мамлакатлардан иқтидорлиларни жалб қилишга жиддий эътибор қаратади.
Сир эмас, бир пайтлар мамлакатимизда IT аёллар учун эмас, деган тушунча устун эди. Бинобарин, соҳанинг айрим муҳим жабҳалари учун табиатан қизлар мослиги кундан-кун аён бўлиб бормоқда. Бу ҳолат уларнинг соҳани ривожлантиришдаги ҳиссаси ортиб боришига хизмат қилади. Оддий мисол – “Google”нинг “Women Techmakers Ambassador”и сифатида биз ҳар йили 8 март арафасида йиллик тадбир ўтказамиз. Тадбирда 2021 йил ахборот технологияларига қизиққан 50 нафар қиз иштирок этган бўлса, 2023 йил айни рақам 400 дан ошди.
– IT қайси жиҳатлари билан аёллар учун қулай?
– IT аёллар ўзига қулай вақтга мослаб иш топиши осон бўлган йўналиш Бунда киши нафақат иш вақтини ўзига мослаштира олади, балки кунига неча соат банд бўлишини ҳам мувофиқлаштириши мумкин. Дарвоқе, бу соҳада билим ва кўникма жуда зарур. Айтишади-ку, тажриба дипломдан муҳимроқ, деб. Масалан, мутахассислик бўйича олий таълим даргоҳини битирмаган, лекин маҳорати тобланиб келаётган ёшлар кўп. Табиийки, бу ўқиш шартмас, деган маънони англатмайди. Бакалавр даражасига эга, иложи бўлса, хорижий олий ўқув юртида таҳсил олган номзод ҳар доим талабгир. Шу билан бирга уйида ўтириб ҳам соҳада ишлаш, бола тарбияси ёки оиладан узилмаган ҳолда яхшигина даромад топиш мумкин. Бу йўналиш айни жиҳатлари билан аёллар учун жуда қулай. Мен уч йиллик тажрибага эга, 12-25 миллион сўм атрофида маош олаётган аёлларни биламан. Беш йиллик тажрибаси бор техник қизлар эса ойига 25-30 миллиондан 60 миллион сўмгача топади. Умуман, IT соҳасида даромаднинг чегараси йўқ, бошқа анъанавий соҳаларга қараганда имконият анча кенг. Яна бир қулай томони – Ўзбекистонда туриб ер юзининг турлт ҳудудлари билан ишласа бўлади.
– Дунёнинг нуфузли корхоналарида ишлаётган ўзбек аёллари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
– Дарҳақиқат, машҳур компанияларда ўзбек хотин-қизлари кўпайиб бораётгани барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди. Қолаверса, Ўзбекистонда яшаб туриб, хориж компаниялардан маош олаётган аёлларимиз ҳам талай. Улар, одатда, муайян йўналиш бўйича пухта билимдан ташқари, инглиз тилини ҳам яхши ўзлаштирган. “Women Techmakers” жамоасидагиларни кузатиб шуни айтишим мумкинки, ҳамма қизларимиз ҳаракатчан, бор имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилади, энг асосийси эринмайди. Ҳар бир лойиҳага “қандай қилсам, яхшироқ бўлади” дея ёндашамиз.
Ҳозир Тошкентдаги “Women Techmakers community” жамоаси кўпчилик аёл-қизлар таянчига айланиб улгурди. IT соҳасига қизиқадиганлар келиб маслаҳат сўрайди, бир биримизга ёрдам берамиз.
– Энди ўз лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз.
– Ҳозир “Plug and Play”да USAID билан ҳамкорликда аёллар яратган стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича “FoundHER” лойиҳасини бошқаряпман. Ўтган йил Марказий Осиёдан 10 та стартапни акселерация дастурига танлаб олдик. Тадбиркорларга бизнеснинг барча жиҳатларини ўргатадиган 12 ҳафталик мазкур ўқув дастурига, одатда, дунёнинг турли ҳудудларидан соҳанинг кучли мутахассислари жалб қилинади. Таҳсил давомида хотин-қизлар бизнесини кучайтиришга кўмаклашилади, камчиликларни тўғрилаш учун кўникма берилади. Aкселерациядан кейин стартап асосчилари замонавий IT соҳаси юраги бўлган Силикон водийсидаги бош офисимизга бориб, интенсив тренингдан ўтишади. Умуман, ўқиш жараёнида иштирокчилар ўзлари учун кўп нарсани ихтиро қиладилар. Бундай сафарлар ёшларнинг дунёқарашини, фикрлаш доирасини кенгайтиради.
Тилимизга четдан кириб келган “стартап” сўзи, сиртдан қараганда, мавҳум тушунчадек туюлади. Аслида, бу оддий ишбилармонлик – муаммони топиб, шу муаммога технологик ечим таклиф қилиш ғоясидир. Бунинг замирида “Шу муаммони қандай ечса бўлади?” деган саволга жавоб топиш мақсади ётади. Менинг мақсадим – кўпроқ ёш қизлар опаларидан ўрнак олса, ўз стартап бизнесларини очса ва бу оддий ҳолга айланса. Ўтган йил пилот лойиҳани USAID ва UNDP билан ҳамкорликда ўтказдик. Бу йил тажрибамизга таяниб, янада кенг миқёсда ишламоқчимиз.
Эътиборлиси, Ўзбекистонда хотин-қизлар орасида ITга қизиқиш ортиб боряпти ва энг муҳими оилалар ва жамиятнинг бу жараёнга муносабати ижобий. Иш юритишни бошлаган пайтим ҳаракатимнинг ярми ахборот технологиялари фақат эркаклар шуғулланадиган соҳа эмаслигини оммага тушунтиришга кетар эди. Ҳатто, халқаро компанияда бош менежер лавозимида ишлаб туриб, ўз қизимни IT курсига йўналтирмоқчи бўлганимда “Нима қиласиз қиз болани ITга бериб?” деган гапни кўп эшитганман. Aслида, ҳар қандай салбий муносабат муаммони аниқлаш ва ечишга йўл очади. Соҳада узоқ ишлаган, охирги 10 йил шу йўналишда бошқарувчи лавозимида бўлган ходим сифатида аниқ айта оламанки, IT қизлар учун жуда қулай ва мароқли касб. Кўплаб ўзбекистонлик қизлар дунёнинг ривожланган мамлакатларида етакчи IT компанияларида фаолият кўрсатаётгани бежиз эмас.
– Эришган ютуқларингиз, бунинг учун яратилган имконият ва қулайликлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Дастлабки қувончли натижам – бундан 15 йилча аввал “Ucell” компаниясида ишлаганимда абитуриентлар учун имтиҳон жавобини СМС орқали олиш тизимини ишга туширганимиз. Бунга қадар тест жавобни билиш учун вилоятлардан келиш ёки Тошкентда қолиб, ДТМ натижасини кутишга тўғри келарди. Яна бир суюниб эслайдиган ютуғим – “Advantour” саёҳат компаниясида IT ва контент бўлимини бошқарган чоғим жамоа билан бирга веб-сайтни ойига 1 миллион саҳифага кириш (page visits) даражасига ҳеч қандай пулли рекламасиз олиб чиққанмиз.
IT компания бош менежери сифатида юртимиздаги илк “Shopify Developer” мутахассисларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшганман. Ўзбекистон ва МДҲ давлатларида қўлланмагани учун “Shopify” тизими (код ёзмасдан ўз магазинини яратиш)ни ҳеч ким билмас эди. Аслида, буни ўрганиш унча мураккаб эмас, ғарб мамлакатлари билан иш бошлашдан кўра осон. Ҳозир “Plug and Play”да стартапларни халқаро даражада тайёрлаб, ривожлантиришга ҳисса қўшяпман.
Ўзим учун яратилган имконият ва қулайликлар ҳақида гапирганимда, аввало оиламни эслайман. Оиламизда дадам ҳар доим ўқишни биринчи ўринга қўйиш кераклигини уқтирган. Онам эса “ҳаммадан яхши натижага эришмоқчи бўлсанг, ҳаммадан кўп ҳаракат қилишинг керак” дер эди. Қисқаси, илм-фан – мустаҳкам пойдевор дегани.
Тошкент Халқаро Вестминстер университетида олинган билим мен ва кўп курсдошларимнинг ҳаёт йўлимизни ёритди, биз учун имкониятлар эшигини очди. Мени ҳеч қаерда “қиз боласан” дея ажратишмаган. Хорижий компанияларда ҳамма баробар – аксар ҳолда катта-ю кичик сўзини айтади. Кўпчилликка маъқул фикр амалга оширилади. Доим шундай муҳитда бўлишга ҳаракат қилганман.
Мамлакатимизда ёшлар, айниқса хотин-қизлар учун бепул ўқиш, малака ошириш, мустақил иш очиш учун жуда кўп қулайликлар яратилган. Айтиш керак, кўплаб ривожланган мамлакатларда биздагидек дастурлар йўқ. Ҳатто, “FoundHER” лойиҳаси “Plug and Play” бўйича энг йирик қамровни Ўзбекистонда олди. Бошқа мамлакатларда бундай лойиҳаларга маблағ ажратилмайди. Ўзим ҳам 2016 йил грант асосида Европада малака ошириб келганман. Имкониятлар ва қулайлик йил сайин ортмоқда.
Хулосам шуки, ҳаракат қилган, интилган ва ўз мақсади сари дадил одимлайдиган ҳар қандай хотин-қиз нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ўз ўрнини топади. Бунга ўз ҳаётим мисолида гувоҳман. Давлатимиз бизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Зеро, аёллари, қизлари илмли юртнинг эртанги куни порлоқ, келгуси авлоди баркамол бўлади.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.