Тошкент Фотосуратлар уйида ёш истеъдодли рассом Алишер Ҳамдавомнинг “Рангларда яшовчи ҳислар” номли шахсий кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада ижодкорнинг 50 ортиқ рангтасвир асарлари намойиш этилди.
Алишер Ҳамдамов 1986 йилда Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. П.Бенков номидаги республика рассомлик коллежи ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Маҳобатли рангтасвир” факультетида таҳсил олди. Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Тадбирда қайд этилганидек, Алишер Ҳамдамов ёш бўлишига қарамасдан ўзининг услуб ва манерасига эга. У рангтасвирнинг бир қатор жанрлари ва йўналишларида ўзига хос картиналар яратади. Баъзи бир картиналарида жанрлар, йўналишлар қоришиғини ҳам кузатишимиз мумкин.
[gallery-25695]
Рассом асарлари композициясида ечим жуда усталик билан, ранглар эса ёрқин, томошабин ҳиссиётларига тезлик билан таъсир этадиган даражада жарангли.
Ижодкорнинг аксар ишларида рангларни бериш ва мазокларни қўйиш манераси шиддатли тарзда кечади. Жумладан, “Манзилли сафар”, “Мулоқот” каби асарлари гўё бир-бирининг устидан савалаб тушаётган мазоклар уйғунлашиб, мусиқий симфония чалаётгандек туюлади.
“Мутолаа” асарида иссиқ ёки совуқ рангларнинг ўзаро муносабатидан баъзан баҳорнинг илиқ, ёқимли еллари эсиб турса, баъзида карвонларнинг қўнғироқлари саси эшитилиб туради гўё.
Композициялар мавзулари ҳам хилма-хил бўлиб, уларни шарҳлашда рассом рамзий-ишоравий унсурлар, воситалардан унумли фойдалана олган ва асар моҳиятини янада ёрқинроқ очиб берган.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА