Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида “Рангларда акс этган она табиат” номли пленер кўргазмаси бошланди.
Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган мазкур кўргазма Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамкорлигида жорий йилнинг май ойида юртимизнинг турли гўшаларида ташкил қилинган пленерларнинг ижодий ҳисоботидир.

Пленерлар бир ой давомида юртимизнинг 5 та ҳудуди — Тошкент вилоятидаги “Угом-Чотқол”, Жиззах вилоятидаги “Зомин” миллий табиат боғлари, Қашқадарё вилоятидаги “Ҳисор” давлат қўриқхонаси, Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги “Discovery“ экотуризм масканида уюштирилди.
Ижодий саёҳатлар давомида уларда қатнашган Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо 56 нафар таниқли рассом томонидан 160 дан ортиқ этюд асарлар яратилди ва кўргазмада томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.
Асарларнинг аксарият қисмида муаллифлар табиат кўринишларини асл ҳолатида тасвирлаганлар. Баъзан эса декоратив хаёлий композициялар яратганлар. Шундай бўлса-да, табиат ижодий ғояларнинг бирламчи манбасидир.

Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброҳим Валихўжаев, Эколгия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари Обид Қудратов, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Баҳодир Жалолов пленерларнинг мақсади, табиатни асрашга рассомларнинг муносабати ҳақида сўзладилар.
Дарҳақиқат, ушбу ижодий саёҳат сабаб бўлиб, бетакрор табиат манзаралари акс эттирилган янги-янги картиналар мухлисларга ҳадя этилди.
Н.Усмонова, ЎзА