Ўзбекистон Бадиий академиясида Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб ташкил этилган “Ранглар жилосида – она диёр” расмлар танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танловда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган, тасвирий санъат йўналишида (рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик) ижод қилаётган ёш ижодкорлар иштирок этди. Мазкур ижодий лойиҳа 4 босқичда ташкил этилди. Танловнинг республика босқичида 120 нафардан ортиқ ёш қатнашди.
Иштирокчиларнинг ижодий ишлари Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг аъзолари, таниқли ижодкорлар, маданият ва санъат соҳаси вакилларидан иборат нуфузли Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, жами 11 нафар ёш ижодкорлар танлов ғолиби деб топилди. Шундан 9 нафар ёш ижодкор танловнинг совринли ўринларига, 2 нафар ёш ижодкор рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлди.
[gallery-8416]
Иштирокчилар томонидан тақдим этилган асарлар Ватан, мустақиллик каби тушунчаларни акс эттиргани билан аҳамиятлидир.
“Ранглар жилосида – она диёр” танлови республика босқичида 7 ёшдан 13 ёшгача бўлган қатнашчилар орасида Тошкент вилояти 14-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Муниса Анварбекова, 14 ёшдан 17 ёшгача ижодкорлар гуруҳида Самарқанд вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиси Маҳбуба Абдуллаева, 18 ёшдан 30 ёшгача қатнашчилар тоифасида Чирчиқ давлат педагогика университети битирувчи Дониёр Эшпўлатов биринчи ўринга муносиб топилди.
Тадбирда ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА