Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазонда меҳр ва ғамхўрлик: оғир беморларга жарроҳлик учун ваучерлар берилмоқда
12:32 / 2026-02-23

Рамазон — меҳр-шафқат, бағрикенглик ва саховат ойи бўлиб, бу даврда ижтимоий кўмакнинг аҳамияти янада ортиб боради. Ижтимоий кўмак нафақат моддий ёрдам кўринишида, балки маънавий қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик ва эътибор орқали ҳам намоён бўлади.

Бу эзгу амаллар жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиради, кам таъминланган оилаларга енгиллик яратади ҳамда инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди. Шу боис, Рамазон ойида ижтимоий кўмак нафақат эҳтиёжмандлар учун, балки бутун жамиятнинг маънавий юксалиши учун муҳим аҳамият касб этади.

Рамазон кунларида юртимиз бўйлаб инсонпарварлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, оғир аҳволдаги, жарроҳлик амалиётига муҳтож беморларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ташаббуслар жамият эътиборида турибди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Бухоро шаҳрида муборак Рамазон ойи муносабати билан оғир аҳволдаги беморларга жарроҳлик амалиёти учун махсус ваучерлар топширилмоқда. Мазкур хайрли ташаббус инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ижтимоий бирдамлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Жараёнлар очиқлик ва шаффофлик асосида ташкил этилган бўлиб, ҳақиқатан ҳам тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.  

Ижтимоий ҳимояга қаратилган бундай амалий ишлар Ромитан туманида ҳам изчил давом этмоқда. Туманнинг Боғча қишлоғида яшовчи Шаҳло Субҳоновa узоқ вақтдан буён оғир хасталик сабаб даволанишга муҳтож эди. Унинг аҳволи ижтимоий хизматлар томонидан ўрганилиб, зарур ёрдам чоралари кўрилди. Шаҳло опага жарроҳлик амалиёти учун ваучер топширилиб, тиббий муассасада чуқур текширувлардан ўтказилди. Бу амалий кўмак унинг соғлиғини тиклаш ва ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Хайрли ишлар Тошкент шаҳрида ҳам давом этмоқда. Хусусан, Чилонзор туманида истиқомат қилувчи фуқароларга соғлиғини тиклаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун ваучерлар берилмоқда. Бу ташаббус ижтимоий реестрдаги оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Шу каби эзгу ишлар Наманган тумани ва Тўрақўрғон туманида ҳам кенг жамоатчилик иштирокида амалга оширилмоқда. Жарроҳлик амалиётига муҳтож беморларга топширилаётган ҳар бир ваучер ортида бир инсоннинг соғайиш умиди, бир оиланинг ишончи мужассам. Бу ёрдам нафақат тиббий имконият, балки янги ҳаётга дадил қадам ташлаш учун маънавий куч ҳам бағишламоқда.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида Навоий вилоятида ҳам минглаб эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Давлат томонидан ажратилаётган маблағлар кўплаб хонадонлар учун енгиллик, ишонч ва далда манбаига айланмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий реестрдаги оилаларнинг бемор аъзолари учун даволаниш ва жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш мақсадида ваучерлар ҳам тақдим этилмоқда.

Меҳр-шафқат ва инсонпарварлик тамойиллари Хўжайли туманида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу ерда ҳам оғир аҳволдаги беморларга жарроҳлик амалиёти учун махсус ваучерлар топширилиб, уларнинг саломатлигини тиклашга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Умуман, Рамазон ойида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар юртимизда инсон қадри, меҳр-оқибат ва ижтимоий бирдамлик тамойиллари устувор эканини яна бир бор намоён этмоқда. Оғир жарроҳлик амалиётига муҳтож беморларга кўрсатилаётган ёрдам уларнинг ҳаётига нафақат тиббий кўмак, балки янги умид ва келажакка бўлган ишонч ҳам бағишламоқда.

Бу каби хайрли ташаббуслар барча ҳудудларда давом  эттирилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА