Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Айниқса, турли синовларга дуч келган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар бу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Инсон ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматини улуғлаш, эзгулик ва адолат тамойилларига содиқ қолиш мақсадида 2024 йилда давлат раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонга бир гуруҳ фаластинлик меҳмонлар олиб келинган эди.

Уларнинг тақдирига бефарқ қолмасдан, ҳар бир оиланинг муаммоларини ўрганиш ва уларни мамлакатимизда яшашга мослаштиришга кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Хусусан, бугунги кунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаластинлик 33 та оиланинг 32 нафар мактаб ёшидаги ҳамда 13 нафар мактабгача таълим ёшидаги болалари таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.
Шунингдек, уларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда болалар фан, спорт, маданий ва тил йўналишларидаги 14 та тўгаракка жалб этилди.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига бириктирилган фаластинлик Мариам Алдахма ҳолидан хабар олинди.
Муборак Рамазон ойи муносабати билан ушбу хонадонда ифторлик ташкил қилиниб, улар билан самимий суҳбат ўтказилди.
Қайд этиш лозимки, вазирлик томонидан Мариам Алдахма оиласи ҳолидан доимий равишда хабар олиниб, уларга зарур кўмак кўрсатиб келинмоқда.
Хусусан, унинг фарзандлари хусусий таълим марказларида таҳсил олиш истагини билдиргани инобатга олиниб, улар учун барча зарур шароитлар яратиб берилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА