Фарғона вилоятида эзгу амаллар ойи бўлган Рамазонда савобли ишлар янада кўпайди.
Бу ой барча мусулмонлар учун маънавий покланиш ва асрлар давомида шаклланган қадриятларимизга интилиш ойидир. Шу билан бирга Рамазон ойида инсонлар бир бирига меҳр-оқибат кўрсатишга, савобли ишларни қилишга ошиқадилар.
Айни кунларда жойларда ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар холидан ҳар қачонгидан кўп хабар олинмоқда, улар моддий кўмак кўрсатилмоқда. Ўзбекистон туманида хайрли тадбирлар янада кенгайиб, кўплаб оилаларга шодумонлик улашмоқда.
Рамазони шарифнинг илк кунларида мингдан ортиқ кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган хонадонларга 8 турдаги бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Туман ҳокими Шерзоджон Йўлдошев эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонларида бўлди, уларнинг холидан хабар олди.
Хонадон вакиллари билан дилдан суҳбатлашиб, уларни фазилатли ой билан қутлади. Уй соҳиби ва соҳибаларининг дарду ташвишларини тинглади. Кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли масъулларга зарурий топшириқлар берилиб, ижросини ўз назоратига олди.
Муборак моҳи Рамазон ойида бу каби эзгу амал ва хайрли йўқловлар барча ҳудудларда давом этмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА