Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазонда 500 оилага хайр-саховат кўрсатилди
12:13 / 2026-03-06

Рамазон — инсон қалбида меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат туйғуларини янада юксалтирувчи муборак ойдир. Бу фаслда аҳоли ўртасида ўзаро ёрдам, эҳтиёжмандларга кўмак бериш, савобли ишлар қилиш анъанаси янада жонланади.

Мамлакатимизда ҳам ушбу фазилатли ойни муносиб тарзда ўтказиш, айниқса, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сирдарё вилояти ҳудудий филиали “Она” жамоат фонди билан ҳамкорликда “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида хайрия акциясини ташкил этди.

Мазкур акция доирасида Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи 500 нафар кам таъминланган оилага 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамланган хайр-саховат қутилари топширилди.  

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сирдарё вилояти ҳудудий филиалининг бошлиғи, шаҳар Кенгаши депутати Юлдуз Усмонова бу каби хайрли ташаббуслар Рамазон ойининг эзгу қадриятларини намоён этишини таъкидлаб,  жумладан шундай деди:

–  Бу ойда эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш халқимизга хос олийжаноб фазилатлардан биридир. Бугунги хайрия тадбири орқали 500 нафар оиланинг хонадонларига Рамазон баракаси кириб боришига ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз. Энг муҳими, бундай тадбирлар жамиятда ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлайди.

Хайрия тадбирида иштирок этган кам таъминланган оилалар вакиллари ҳам кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдиришди. Ана шундай оила аъзоларидан бири Муҳайё Сотиболдиева қалбида кечган ўз туйғуларини қуйидагича ифода қилди:

–  Рамазон ойи арафасида кўрсатилаётган бундай ёрдам биз учун катта қўллаб-қувватлаш бўлди. Оиламиз номидан ушбу хайрли ишни ташкил этган барча инсонларга ташаккур айтаман.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири