Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазонда 17 мингдан зиёд оилага 11,9 млрд сўм ажратилди
15:33 / 2026-03-03

Ўзбекистонда муборак Рамазон ойи муносабати билан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятида 17 минг 73 та оилага жами 11 миллиард 921 миллион сўм миқдорида манзилли моддий ёрдам ажратилиб, маблағлар фуқароларнинг ижтимоий ҳамда банк пластик карталарига ўтказилди.

— Мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Рамазон ойини муносиб ўтказиш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ташкил этилди, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси Ижтимоий тўловлар бўлимининг мудири Беҳзод Нодиров. — Қарорга мувофиқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож, давлат таъминотидаги ва кам таъминланган оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш устувор вазифа этиб белгиланган.

Ажратилган маблағларнинг 6 минг 796 таси 1 миллион сўм миқдоридаги моддий ёрдамдан иборат бўлиб, уларнинг асосий қисми давлат таъминотидаги оилалар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар, ёлғиз яшовчи ва парваришга муҳтож кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ҳам ушбу кўмак билан қамраб олинди. Қолган 10 минг 304 та кам таъминланган оилага эса 500 минг сўмдан маблағ ажратилди.

– Айни пайтда моддий ёрдамнинг иккинчи босқичи бошланди. Жойларда “маҳалла еттилиги” томонидан “Ижтимоий реестр”да қайд этилмаган, бироқ оғир ижтимоий шароитда яшаётган оилалар аниқланмоқда. Тақдим этилган маълумотлар асосида уларга ҳам қўшимча равишда моддий кўмак кўрсатиш чоралари кўрилмоқда, – дейди Беҳзод Нодиров.

Жараённинг шаффоф ва манзилли ташкил этилгани ижтимоий ҳимоя воситалари ҳақиқий эҳтиёжманд оилаларга етиб боришини таъминламоқда. Рамазон ойида кўрсатилаётган бундай амалий ғамхўрлик юртдошлар ўртасида меҳр-оқибат, саховат ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири