Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазон ойининг файзини оилалар ҳис қилиши керак
14:59 / 2026-02-21

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос, файзли ва тартибли руҳда ўтказиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Унда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, туман ва шаҳар ҳокимлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳар бир раҳбар ва мутасаддининг устувор вазифаси ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, йиғилишда ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар ҳолидан мунтазам хабар олиш, чин етим ва ҳақиқий муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш кераклиги айтилди. Бундан ташқари, соғлиғида жиддий муаммолари бўлган беморларга юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ташкил этишда амалий кўмак кўрсатиш, бозор ва савдо мажмуаларида арзонлаштирилган ярмаркалар фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди. 
Тадбирда мурувват, саховат ва меҳрибонлик уйларига моддий ёрдамлар кўрсатиш, ҳудудларда таровеҳ намозлари ўқиладиган масжидларда хавфсизлик чораларини кучайтириш, қабристонларни ободонлаштириш ва тартибга келтириш ишларини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Йиғилишда “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида ҳудудларда чинакам эҳтиёжманд оилалар хонадонида камтарингина ифторлик дастурхонларини ташкил этиш, кексалар, қаровсиз нуронийлар ҳолидан хабар олиш зарурлиги ҳам қайд этилди.

Вилоят ҳокими мутасаддиларга ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонда Рамазон ойининг файзи ва баракаси сезилиши, эҳтиёжманд оилалар эътибордан четда қолмаслиги, тартиб-интизом ва хавфсизлик таъминланиши юзасидан аниқ топшириқлар берди.
Якунда белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш ҳамда ҳар бир ҳудуд кесимида манзилли ишлаш зарурлиги таъкидланди.

А. Мусаев, ЎзА