Бу йил Рамазон ойи муносабати билан давлатимиз раҳбари эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қарор қабул қилди.
Қарорга кўра, ижтимоий реестрнинг “давлат таъминотидаги оила” тоифасидаги оилаларга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги фуқароларга, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Ижтимоий реестрнинг “камбағал оила” тоифасидаги оила ҳамда “маҳалла еттилиги” томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатдаги эҳтиёжманд оилаларга эса 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилади. Шунингдек, ижтимоий реестрдаги оилаларнинг бемор оила аъзоларининг даволаниши ва жарроҳлик амалиёти ўтказиш билан боғлиқ харажатлари ҳам қоплаб берилади.
Бу ишларни амалга оширишда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди олдига аниқ вазифалар қўйилган. Айни пайтда мазкур идораларнинг Самарқанд вилоятидаги бошқарма ва вакиллари томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
– Қарор ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан бирга зарур чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиққанмиз, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Шерали Йўлдошев. – Аввало, бошқармада ҳамкор ташкилотлар масъулларидан иборат штаб фаолияти йўлга қўйилди. Аҳолидан келиб тушадиган мурожаатлар ва саволларга ўз вақтида жавоб бериш учун “Call markaz” ташкил этилди. Вилоятнинг барча туман (шаҳар)лардаги аҳолининг эҳтиёжманд қатламига бир марталик моддий ёрдам берилиши юзасидан 83 минг 285 та хабарнома флаер ҳамда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши ва даволаш бўйича оилаларга ваучер етказилди. Ҳозирда вилоятдаги моддий ёрдам ажратилиши режалаштирилган 83 минг 285 та оилага жами 55,7 миллиард сўм маблағ тўлаб берилмоқда.
Ҳудудий ҳокимликлар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан тақдим этилган рўйхат асосида эҳтиёжманд 767 нафар фуқарода юқори технологик тиббий муолажалар ўтказилиши режалаштирилди. Дастлабки босқичда 112 нафар фуқаро рўйхати шакллантирилиб, MISS SSV электрон дастурига киритилди ва уларга ваучерлар тарқатилди.
Жорий йил 2 март ҳолатига, 23 нафар бемор кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва республика ихтисослашган тиббий марказларнинг вилоят филиалларига ётқизилиб, даволаниш амалиётлари бошланди. 3 нафар бемор Республика кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида даволаниб чиқди.
[gallery-27948]
Нарпай туманда яшовчи А.Бердиқулов анча вақтдан буён сон суяги емирилиши хасталигидан азият чекарди. Бу йилги Рамазон ойи кунларида у ушбу дарддан фориғ бўлди. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида унинг сон суягини эндопротезлаш операцияси муваффақиятли ўтказилди.
Каттақўрғон туманида яшовчи, 2008 йил туғилган О.Насриддинова эса оператив даволаниши учун Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ётқизилиб, унда эндоскопик полипотимия операцияси амалга оширилди.
Вилоятда қарор ижроси юзасидан белгиланган ишлар изчил бажарилиб, кунлик мониторинг юритилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари