Янги қарор
2026 йил 17 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат юртимизда эзгулик, бирдамлик ва саховат тимсоли бўлган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўшимча қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Дилфузабегим РЎЗМЕТОВА ушбу қарорни шарҳлаб берди.
– Қарорга мувофиқ, 800 миллиард сўм маблағ “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратилади, – дея қарор мазмуни тушунтирилди.
1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам қуйидаги оилаларга берилади:
– Ижтимоий реестрдаги давлат таъминотида турган 215 мингта оилага,
– ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги 13 мингта шахсга,
– етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, оилавий болалар уйларида яшаётган 9 мингта оилага.
500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам эса ижтимоий реестрдаги камбағал оила тоифадаги 421 мингта оила, Реестрга кирмаган, бироқ, “маҳалла еттилиги” томонидан эҳтиёжманд деб топилган 43 минг оилага берилади.
Шунингдек, ижтимоий реестрда турган 6 минг нафар бемор фуқаронинг даволаниши ва зарур операция харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Ушбу харажатлар 2026 йил 1 мартга қадар Халқ банки томонидан моддий ёрдам олувчи фуқароларнинг ижтимоий карта ёки банк пластик карталарига ўтказиб берилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lTZc-Tns6YU" title="Bir martalik moddiy yordam kimlarga beriladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
У.ТЎХТАЕВ (видео), ЎзА