French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазон ойида эҳтиёжмандларга қўшимча ижтимоий ёрдам кўрсатилади
12:02 / 2026-02-18

Муборак Рамазон ойида мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли хайрли ташаббус амалга оширилмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш ҳамда инсонпарварлик тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан хайрия дастури йўлга қўйилмоқда. Дастур асосида 700 мингта оилага моддий ёрдам кўрсатилади.  

Хусусан, ташаббус доирасида Ижтимоий реестрдаги “давлат таъминотидаги оила” тоифасига кирувчи оилаларга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар — 1 миллион сўм бир марталик ёрдам,  “Камбағал оила” тоифасидаги ҳамда маҳалла томонидан қўшимча рўйхатга киритилган оилаларга — 500 минг сўм бир марталик ёрдам тақдим этилади.  

Шунингдек, 6 минг нафар бемор фуқаронинг даволаниши ва зарур операция харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Ёрдамлар аниқ мезонлар асосида, Ижтимоий реестр орқали амалга оширилади. Бу эса нафақат ижтимоий ҳимоя тизимининг қамровини кенгайтириш, балки аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва ҳаёт сифатини яхшилашга ҳам хизмат қилади.

Ташаббус ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янги, институционаллаштирилган модель асосида амалга оширишга қаратилган.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА