Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазон ойида беморлар дардига шифо топмоқда
10:16 / 2026-02-27

Самарқанд вилоятида Рамазон ойи муносабати билан ижтимоий кўмакка муҳтож 767 нафар фуқарода юқори технологик тиббий муолажалар ўтказилиши режалаштирилди. Бу фуқаролар рўйхати туман (шаҳар) ҳокимликлари, маҳаллий кенгашлар, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳудудий бошқарма ва бўлимлари, тиббий муассасалар тавсияси асосида шакллантирилди.

– Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида бу муқаддас ойни “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида ўтказиш, кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев. – Жумладан, ижтимоий ҳимоя миллий реестрига киритилган, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказишга муҳтож беморларга ушбу муборак ойда зарур тиббий ёрдам кўрсатиб, уларни соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда. Бугунги кунда вилоятимизда дастлабки босқичда 112 нафар фуқаро рўйхати шакллантирилиб 111 нафари ордер олиш учун MISS SSV электрон дастурига киритилиб ваучерлар тарқатилди. Режалаштирилган барча амалиётлар вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Самарқанд давлат тиббиёт университети болалар хирургияси маркази, республика ихтисослашган тиббий марказларининг вилоятимиздаги филиалларида бажарилади. Бугунги кунгача 16 нафар бемор тиббий муассасаларга жойлаштирилиб, уларга даво муолажалари бошланди. 3 нафар бемор республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида даволаниб, саломатлигини тиклади.  

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра рўйхати шакллантирилган 112 нафар беморнинг даволаниши учун 2,3 миллиард сўм маблағ талаб этилади ва бу маблағ “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тўлаб берилади.  

– Боламнинг юрагидаги нуқсонини операциясиз даволаш мумкин эмаслиги, операция учун эса каттагина маблағ кераклигини ўйлаб сиқилардим, – дейди Иштихон туманида яшовчи Манзура Сирожиддинова. – Лекин Президентимизнинг ғамхўрлиги ва эътибори билан бугунги Рамазон кунларида кўплаб беморлар қатори менинг болам ҳам давлат томонидан ажратилган маблағ эвазига операция қилиниб, соғлом ҳаётга қайтди. Бунинг учун тиббиёт ходимларига, давлатимизга мингдан минг раҳмат айтаман.

Вилоят бўйича 767 нафар беморда юқори технологик тиббий муолажаларни жорий йилнинг февраль, март ва апрель ойларига ўтказиш мўлжалланган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири