Рамазон – тоат-ибодат ойи бўлиши билан бирга саховат ойи ҳамдир.
Бу вақтда мўмин-мусулмон халқимиз хайрия ишларига янада кўпроқ эътибор беради. Имом домлалар ҳам бу ойда саховатпеша инсонларни эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатишга тарғиб қилади, хожатбарорларга бериладиган ажру мукофотлар хушхабарини улашадилар.

Мусулмонлар идораси хабарига кўра, жорий йил 12-25 апрель кунлари, икки ҳафта давомида республикамиз бўйича 16 мингдан кўпроқ оилага 4 миллиард уч юз миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, икки миллиард етти юз миллиондан ошиқ озиқ- овқат маҳсулотлари, уч юз миллионга яқин уй-рўзғор буюмлари, бир миллиарддан ортиқ кийим кечак каби бошқа турдаги маҳсулотлар, уч юз миллионга яқин нақд пул берилди.
Аввалроқ имом-хатиблар ташаббуси билан Рамазоннинг илк ҳафтасида қарийб 2 миллиард сўм хайрия қилингани ҳақида хабар бергандик.