Рамазони шариф ойлар ичида энг муборак ой ҳисобланади. Рамазон мўмин бандаларга Яратганнинг улуғ ажрларига етишиш учун имкон эшикларини очиб бергувчи нажот ойидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) рамазон ойини мадҳ этиб: "Бу шундай ойки, унинг аввали раҳматдир", шу билан Аллоҳнинг раҳматига доҳил бўлинади"... ўртасида эса банданинг гуноҳлари маҳфират этилади", дейилади.
Демак, гуноҳларимиз, хато ва қусурларимиз кўп бўлса-да, рамазоннинг ярмига етганда тутган рўзамиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради. Яна пайғамбаримиз (с.а.в.) рамазоннинг охирида эса бу ойни рўза тутиб ўтказган бандалар жаҳаннамдан озод бўлишини марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин банда ушбу муборак ойнинг одоб ва тартибларига риоя қилиши, рўзани чиройли ҳолатда тутиши муҳимдир.
Рамазон ойи одоб ва тартиблари деганда нималар тушунилади?
Бу хусусда Қуръони Карим ва ҳадисларда жуда кўп кўрсатмалар берилган. Жумладан, рамазон кириши билан ҳар бир мўмин энг аввало, тилини ёмон сўзлардан, яъни ғийбатдан, ёлғондан сақламоқлиги керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Кишики ёлғон сўзламоқни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди". Яна динимиз кўрсатмаларида рамазон ойида мўминлар атрофидаги инсонларга тили ва қўли билан озор бермаслиги айтилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Киши Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас у инсон гапирса, яхши ишни гапирсин ёки жим турсин", деб марҳамат қилганлар. Шу боис ҳам, ушбу муборак ойда ҳар бир инсон Аллоҳга тавба қилиши, шу билан бирга, инсонларга озор етказишдан сақланиши керак.
Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Тавбага шошилинглар ўлим келмасдан олдин" деганлар ва яна бу ойда ҳар бир мўмин фақирларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам қўлини чўзиши, ҳеч бўлмаса ифторликларига бир қултим сув билан бўлса ҳам уларга меҳру муҳаббатларини кўрсатиши лозим. Бу ҳақида пайғамбаримиз (с.а.в.) "Киши бу ойда бир рўзадорни (бир қултум сув билан бўлса ҳам) сўраб қўйса, Аллоҳ унга кавсаридан бир шарбат инъом этади, уни ичган киши асло ташна бўлмайди", деганлар. Ушбу муборак ойда бандалар етимлар, хасталар, кексалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг қалбларини шод қилиш лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Ким бир етимни кафолатини олса, бас у мен билан жаннатда бирга бўлади", деганлар.
Яна бу муборак ойда ҳар бир инсон имкон борича атрофдагиларга, яқинларига ёрдам қўлини чўзиши ҳам улкан ажрдир. Зеро ҳадисларда "Ким бир мусулмоннинг қийинчилигини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло у бандасини қиёмат куни қийинчиликларини енгиллатади", дея марҳамат қилинган. Муборак рамазон ойида Аллоҳ барчаларимизни юқорида айтиб ўтилган амалларга риоя қилишимизни, рамазон ойини чиройли ўтказиб, Яратганнинг марҳаматига етишни насиб этсин.
Абдуҳалим Ҳамроқулов,
Андижон шаҳридаги "Оқгўр" жоме масжиди имом-хатиби.
ЎзА