Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат каби анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб қилиш мақсадида ифторлик ва хайрия тадбирлари ташкил этилмоқда.

Муборак Рамазон ойи – қалбларни поклайдиган, инсонларни эзгуликка чорлайдиган, меҳр-оқибат ва саховат туйғуларини янада мустаҳкамлайдиган муқаддас ой. Бу ойда амалга оширилган ҳар бир савобли амал, кўрсатилган яхшилик инсон қалбида шукроналик ва меҳр туйғуларини уйғотади.

Рамазон ойи муносабати билан Божхона қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Беруний ва Тўрткўл туманларида қўй сўйилиб, эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди. Айниқса, чекка қишлоқларда яшовчи кам таъминланганлар учун бундай эътибор ва ғамхўрлик алоҳида қувонч бағишлади.

Шунингдек, ушбу туманларда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд аҳоли вакиллари учун ифторлик дастурхони ҳам ёзилди. Унда сўзга чиққанлар халқимизни муқаддас Рамазон ойи билан қутлаб, жойларда “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” ғояси асосида ўтказилаётган тадбирлар одамлар ўртасида мурувват, меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирда муборак ойда имконияти чекланган, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу амаллар халқимизга хос инсонийлик фазилат, меҳр-оқибат ва саховат намунаси эканлиги қайд этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.