Рамазон – меҳр-мурувват ва саховат ойи
Муборак Рамазон ойида Президентимиз ташаббуси билан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайр-саховат тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида ҳам оғир касалликка чалинган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. 37 ёшли Баҳром Эсиргадиев буйрак касаллиги билан оғригани сабабли маҳалладаги ижтимоий ходимга мурожаат қилган.

Мурожаат маҳалла “еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида кўриб чиқилиб, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан унга жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Ҳозирда Баҳром Эсиргадиевнинг аҳволи анча яхшиланган. У кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, оиласи бағрига қайтмоқда.


Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 50 нафардан ортиқ фуқаро учун маҳалла “еттилиги”нинг коллегиал қарорлари асосида тиббиёт муассасаларига даволаниш учун йўлланмалар берилган.
Ўлмас Баратов, ЎзА мухбири