French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазон – меҳр-мурувват ва саховат ойи
09:00 / 2026-03-05

Юртимизда муборак Рамазон ойи муносабати билан эзгулик, саховат ва ҳамжиҳатлик тадбирлари амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.

 Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахслар, ота-онасидан айрилган етим болалар ҳамда кам таъминланган оилаларга кўмак бериш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, меҳр-шафқат ва бағрикенглик тамойиллари устувор эканининг яққол ифодасидир.

Навбаҳор тумани Арабсарой маҳалласида истиқомат қилувчи Ойгул Ходжаметова хонадони таъмирталаб ҳолатга келиб қолганди. Молиявий имкониятлар чеклангани сабабли уйни янгилаш имкони бўлмаган.

Рамазон ойининг савобли ва хайрли кунларида ушбу хонадонда кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, уйнинг ташқи деворлари замонавий базальт материаллари билан қопланди, деразалар янгиланиб, ташқи эшиклар алмаштирилди. Том қисми тўлиқ янги шиферлар билан ёпилди. Иситиш қозони ўрнатилди.  

Ҳозирда мазкур хонадон замонавий ва қулай шароитга эга бўлиб, оила аъзолари Рамазон ойини кўтаринки кайфият ва шукроналик билан қарши олмоқда.

Бугунги кунда туман бўйича жами 12 та хонадонда шундай ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу каби хайрли тадбирлар нафақат оилаларнинг турмуш фаровонлигини оширишга, балки жамиятда ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири