Президентнинг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорига кўра, мамлакатимизнинг турли давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам қатор маънавий-маърифий таддбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Прага шаҳрида Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонаси ташаббуси билан “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” ғояси доирасида учрашувлар ташкил этилди.
Тадбир хорижда яшаётган ва таълим олаётган ватандошлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва миллий қадриятларни тарғиб қилишга қаратилган.
Ушбу шаҳардаги Ўзбекистон талабалари ассоциациясида ўтган учрашувда 120 нафардан ортиқ талаба ва диаспора вакиллари иштирок этди.
Суҳбатда ёшларнинг таълимга масъулият билан ёндашиши, молиявий ва ҳуқуқий мажбуриятларни ўз вақтида бажариши, шунингдек, Чехия миграция қонунчилигига қатъий риоя этиши масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, "Туркистон" маданият марказида ватандошлар билан учрашув ташкил этилди. Унда 250 нафарга яқин юртдошлар қатнашди. Маърузаларда Рамазон ойи фазилатлари, шахсий интизом ва масъулият масалаларига алоҳида урғу берилди.
Юртимиз делегацияси аъзолари Tesla компаниясининг Чехиядаги йирик қурилиш объектига ҳам ташриф буюрди. У ерда меҳнат қилаётган 100 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси билан иш жойида маърифий мулоқот ўтказилган.
Шунингдек, Прагадаги "Sulaymon" турк маданий марказида 250 нафарга яқин ватандош иштирокида ифторлик тадбири ташкил этилди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Б.Худойбердиев, ЎзА