Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазон ҳайити – яхшилик улашувчи байрам
12:09 / 2021-05-12

Покланиш ойи ҳам якунланаётган бўлиб, мамлакатимизда Рамазон ҳайити кенг нишонланади. Меҳр-мурувват, оқибат, саховат каби халқимизга хос эзгу фазилатлар ифодаси бўлмиш ушбу айём дилларга сурур бахш этиши билан алоҳида қадрлидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ Абдуллаев билан Рамазон ойи ва ҳайитининг мазмун-моҳияти хусусида суҳбатлашдик.

– “Яхши кунлар тез ўтади”, дейишади, – дейди У.Абдуллаев. – Яқиндагина ташрифини кутганимиз Рамазоннинг ниҳояланишига саноқли фурсатларгина қолди. Бир томондан олдимизда эшик қоқиб турган Рамазон ҳайити шукуҳидан кўнглимиз масрур бўлса, иккинчи жиҳатдан бир ойлик барокатли меҳмонимизни кузатганимиздан маҳзунлик туяётганимиз ҳам бор гап.

Хабарингиз бор, ўтган йили пандемия сабабли Рамазон кунлари ва Рамазон ҳайитини уйда – оила даврасида ўтказишга тўғри келди. Шу боис ҳам ихлосли халқимиз таровеҳ ва хатми Қуръонга бўлган соғинчини тил билан таърифлаб бўлмайди. Диёримизнинг мўмин-мусулмонлари ўн икки ойнинг султони бўлмиш Рамазон ойини ўтаётган синовли кунларда ҳам ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда файзу футуҳ билан ўтказиб, бу ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантирдилар.  

Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таоло ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни «Ийди-Фитр», яъни Рамазон ҳайити каби улкан шодиёнани ҳам интиқлик ила кутмоқдалар.

– Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида қарори қабул қилинди. Шунга кўра, юртимизда бу кун дам олиш куни дея эълон қилиниб, юртдошларимиз орасида ҳайит байрами ўзгача кайфиятда нишонланади, шундай эмасми?  

– Тўғри айтасиз. Бу маънода Аллоҳ таоло ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас (албатта) шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у (мадиналик)ларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилишар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу икки кун қандоқ кун?”, – деб сўрадилар. Улар: “Биз жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик”, – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ – Азҳо (қурбон ҳайити) ва Фитр (рамазон ҳайити) кунларини берди”, – дедилар” (“Сунан” эгалари ривоят қилган). Халқимиз қадимдан, Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб “Рамазон ҳайити” кунини тантанали равишда байрам қилиб нишонлаб келган. Ийд намозини ўқиш учун бутун шаҳар аҳли бир намозгоҳга йиғилган.  

Ватанимиз истиқлолга эришган даврдан бошлаб эса Рамазон ҳайити байрами кенг миқёсда, шу кунни дам олиш куни сифатида нишонланиши бизнинг миллий ва диний қадриятларимиз, динимиз шиорларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибордан нишонадир.

– Ана шундай қутлуғ кунларда қандай ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бу ҳақда динимиз таълимотларида қандай кўрсатмалар мавжуд?  

– Ҳайит кунлари яқинлар, кексалар, беморлар ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитлик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади. Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, ҳайит арафасида қўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келган бўлади.

Шу ўринда эсга олиш лозим бўлган яна бир жиҳат, “Фитр садақаси” рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади. Бу молиявий ибодат шариатимизда рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига ҳалал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва хатти-ҳаракатлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиш маъносида жорий қилинган.

Ҳанафий мазҳабига кўра “Рамазон ҳайити” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади. “Фитр садақаси”ни бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади.

Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги қудуратни кўтарилишига сабаб бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб шуни айтмоқчиманки, барча мўмин-мусулмон олами, жумладан, халқимизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин. Бу кунни баракотидан савобли амалларни кўпайтиришни Яратганнинг ўзи насиб айласин. Ихлосли халқимизнинг муҳаббати, улуғ кунларда қилган яхши амаллар ҳам дуолар сабаб Аллоҳ бутун дунёни, хусусан, Ватанимизни ҳам тез фурсатда бу касалликдан фориғ қилсин!

 

ЎзА мухбири М. Сулаймонов суҳбатлашди.