English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазон ҳайити байрами муносабати билан юртимиз хотин-қизларига МУРОЖААТ
18:53 / 2021-05-12

Ҳурматли ва мўътабар онахонлар, азиз опа-сингиллар!

Аввало, барчангизни яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити айёми билан чин юракдан муборак этаман. Ҳаммангизнинг оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Қадрли аёллар!

Барчангиз яхши англаб турибсизки, юртимизда бир муддат камайиши кузатилган коронавирус касаллиги сўнгги ҳафталарда аҳоли орасида яна кўпаймоқда. Кўплаб хориж давлатларида бу инфекциянинг янги-янги турлари ва тарқалиш ўчоқлари пайдо бўлмоқда. Шу сабабли атрофимиздаги яқинларимиз ва фарзандларимиз, қўйингки, барча ватандошларимизнинг саломатлигини асраш, бу касалликдан ҳимоялаш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Азиз онахонлар, опа-сингиллар!

Шу кунларда муборак Рамазон ойининг сўнгги қутлуғ кунларини барчамиз катта хурсандчилик ва мамнуният билан ўтказяпмиз. Чексиз шукроналик ва ихлос билан дилдаги яхши ниятларимизнинг амалга ошиши учун Яратгандан офият сўраб, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида бир-биримизга эзгу тилаклар билдиряпмиз.

Бутун ислом олами учун муборак айём — Рамазон ҳайити кунлари барчамиздан ана шу эзгу ниятларни кўпайтириш асносида мамлакатимизда жорий қилинган карантин қоидаларини тўла адо этишимиз учун баъзи жиҳатларга жиддий эътибор қаратишимиз жуда муҳимдир.

Куни кеча Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорда ҳам мавзуга оид айни долзарб фикрлар, жумладан, бу йилги Рамазон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши айтиб ўтилган.

Айни талаблардан хулоса шуки, ҳайит арафасида ва байрам кунлари ёши улуғ кексаларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олиш, ҳайит билан табриклаш, миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш тавсия этилади.

Шунинг баробарида «келин кўрар» маросимларини, қуда-андалар билан ўзаро совға-салом назарда тутилган борди-келди маросимларини ўтказишда ихчам, ҳам саломатликка, ҳам оила иқтисодиётига зарар етказмайдиган тарзда ёндашишингизни сўраб қолардим.

Келин кўриш учун борилаётган хонадоннинг ва қиз узатган томоннинг иқтисодий имкониятларини жиддий инобатга олиш, мўлжалдаги тадбирларимизни шунга яраша режалаштиришимиз зарур. Бу эса ёш оилаларнинг ўзаро тинч-тотув яшаши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ҳурматли онахонлар, қадрли аёллар!

Ўйлайманки, ортиқча дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўймасдан, карантин қоидаларига қаттиқ риоя қилган ҳолда ҳайит тадбирларини ўтказамиз. Келгуси йил ҳайит кунларида ҳам соғу саломат бўлишни Яратгандан сўраб қоламиз.

Яна бир бор Рамазон ҳайити айёми билан барчангизни табриклайман.

Гулнора Маъруфова, Маҳалла ва оилани 

қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари