ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026 йил муборак Рамазон ойи 19 февралдан бошланиши ҳақидаги ахборотига мувофиқ, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу қутлуғ ойни муносиб ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Қарорга кўра, ҳудудларда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос, муносиб тарзда ўтказиш, унинг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, одамийлик, меҳр-шафқат ва саховат фазилатларини кенг тарғиб этишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш вазифалари белгилаб берилди. Шунингдек, юртимиздаги тинч ва осойишта ҳаётни қадрлаш ғоясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-27757]
Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятида ҳам муборак ойни муносиб кутиб олиш ва ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари амалга оширилди.
— 18 февралдан вилоятдаги 133 та жоме масжидда таровиҳ намозлари адо этишга киришилди, - дейди Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Расулжон Абдуллаев. — Масжидларда ибодат қилувчилар учун барча шарт-шароит яратилган. Хатмоналар идора томонидан белгиланган тартиб асосида, барча масжидларда бир вақтда бошланиб, ягона тартибда ўқилиб, муборак ойнинг Қадр кечасида якунланади.
Ой давомида ҳудудларда меҳр-мурувват тадбирлари, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ишларга алоҳида эътибор қаратилади.
ЎзА фотомухбири
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар.