Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Рамазон айтиб келдик эшигингизга...” – болаларнинг севимли “Ё рамазон” қўшиқлари ҳақида нималарни биламиз?
10:02 / 2022-04-11

Айни кунларда муборак ойлардан бири моҳи Рамазон меҳмон бўлиб турибди.

Бу ойда барча инсонлар бир-бирига яхшиликлар илинади, гина-аразлар унутилади. Бу ойни катталар билан бир қаторда болажонлар ҳам интиқ бўлиб кутишади. Чунки уларнинг севимли “Ё рамазон” қўшиғини айтиш имкони туғилади. 

Халқ оғзаки ижоди туркумига кирувчи бу қўшиқ қандай пайдо бўлган? Рамазон ойида бадиий асарларда қандай тасвирланади? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида фольклоршунос олима, филология фанлари номзоди Латифа Худайқулова билан суҳбатлашдик.

– Дастлаб, Рамазон ойининг этималогиясига тўхталиб ўтсангиз?

Халқимизнинг қадимий анъаналарига кўра, ҳар йили Рамазон ойида ўттиз кун мобайнида яхши ният билан рўза тутилади. Бизга маълумки, рўза ислом оламида “аркон ад-дин”, яъни “дин асослари номи билан машҳур бўлган беш талабдан бири бўлиб, одамларни савоб орттиришга, жисмоний ва руҳий покланишга, гуноҳлардан фориғ бўлишга, эзгу ишлар билан шуғулланишга, саховатли, меҳр-мурувватли бўлишга чақирга.

Манбаларда айтилишича, луғатларда келтирилган маълумотларга қараганда Рамазон “рамз” сўзидан олинган “қизимоқ”, “қизиб чўғ бўлмоқ”, “куйдирмоқ” маъноларини англатиб, “рамазон” сўзи ҳижрий тақвимининг 9-ойи бўлмиш Рамазон ойи илк бор шиддатли, жазирама иссиқ кунларга, куйдирадиган ҳароратли кунларга тўғри келгани учун ҳам “Рамазон” деб аталгани маълум бўлади.  Халқ қарашларига кўра, Рамазон ойида жазирама иссиқда қолган қўйлар куйиб, қорайиб, ўлиб қолар экан. Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳи куйиб, йўқ бўлади, айбу нуқсонлари Рамазоннинг савоблари жилоланиб турган муборак қуёшида ўлиб кетади, деган тушунчалар мавжуд бўлган.

– Рамазон ойида айтиладиган махсус қўшиқларнинг яратилиш тарихи ва фанда ўрганилиши ҳақида маълумот берсангиз?

 Ўзбек фольклоршунослигида Рамазон ойи ва Рамазон қўшиқлари алоҳида тадқиқ этилмаган бўлса-да, қадим аждодларимиз маънавиятидан жой олган қадимий қўшиқларни ёзиб олиш ва таҳлил қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Мазкур қўшиқлар ҳақида бир қанча манбаларда маълумотлар келтирилган.

Жумладан, 1898 йилда Н.П.Остроумовнинг рисоласида Тошкент ва Туркистоннинг кўпгина шаҳарларида рўза бошланиши биланоқ маҳаллада истиқомат қилувчи болалар қўшнилари, таниш-билишлари ҳамда қариндош-уруғларининг ҳовлисига кириб, Рамазон ойи шарафига айтган қўшиқлари қайд этилган. 1910 йилда “Туркистон вилоятининг газети”да жиззахлик Мирзо Ражаб Абдужаббор ўғли томонидан ёзиб олинган “Ё рамазон” қўшиғи эълон қилинган. Худди ўша йили Н.Будзинскийнинг “Средняя Азия” журналида тошкентлик болалардан ёзиб олинган “Ё рамазон” қўшиғи, хассос олима Музайяна Алавиянинг 1974 йил чоп этилган “Ўзбек халқ маросим қўшиқлари” монографиясидаги “Ё рамазон” қўшиқлари, фольклоршунослар Ҳ.Раззоқов, Т.Мирзаев, О.Сабиров ҳамда К.Имомовлар томонидан нашр этилган “Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди” дарслигининг “Мавсум-маросим ва урф-одат қўшиқлари” фаслида “Ё рамазон” қўшиқлари, Ҳабибулла Ғафурнинг 1992 йилда чоп этилган “Халқ ўйинлари, қўшиқлар ва анъанларига бир назар” деб номланган мажмуасида эса сурхондарёлик болалардан ёзиб олинган “Рабиман” қўшиқлари ҳамда кўплаб олимларнинг тадқиқотларида ҳам рамазон қўшиқлари илмий таҳлилга тортилган.

Халқимиз томонидан ҳар йили бир марта нишонланадиган узоқ тарихга эга бўлган Рамазон ойи ва у билан боғлиқ қўшиқлар миллий урф-одат ва анъаналаримиз узвидан жой олган азалий қадриятларимиздан ҳисобланади.

Бизга маълумки, ўзбек халқ маросим қўшиқларининг жанрлар таркиби ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, ҳар бир жанрга оид фольклор намуналари ўзининг тарихий асослари, ижро этилиш ўрни, ҳаётий-маиший йўналганлиги ва поэтик табиатига кўра фарқланиб туради. Ана шундай қадимий фольклор асарларидан бири ҳар йили муборак Рамазон ойида ижро этиладиган “Ё рамазон” қўшиқларидир. “Ё рамазон” қўшиғи тақвимий маросимлар фольклорига мансуб анъанавий жанрлардан биридир.

Анъанага кўра, мазкур қўшиқ рўза ойида – Рамазоннинг учинчи кунидан бошлаб ўғил болалар томонидан ифторликдан кейин уйма-уй юриб, “Ё рамазон” қўшиқлари айтилган. Қадимда бу одат дарвешлар орасида ҳам машҳур бўлганлиги қайд қилинади. Мазкур қўшиқ халқ орасида кенг тарқалган бўлиб, “ё рамазон”, “рабиман”, “рабигон”, “райвон”, “рамазон”, “рабибон”, “ўребезон” каби турлича номлар билан аталган.

Рўзани уч тутиб келдик сизга,

Рўзанинг закотини беринг бизга.

Рамазон айтган билан тўямизми,

Бурунгининг қаъдасини қўямизми?

Манбаларда келтирилишича, рамазон ойини, аксарият, сайёрамизнинг мусурмон давлатларида истиқомат қилаётган икки миллиардга яқин мусулмонлар орасида олдиндан руҳан тайёргарлик кўриб, ўзгача кайфият ила қарши оладиган байрамидир. 

Ё рамазон” қўшиқлари матни ҳудудларга қараб ўзгариб борадими? Айтиш усуличи?

Рамазон қўшиқлари ўзига хос локал хусусиятларга эга бўлиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида болалар томонидан мусиқа жўрлигисиз ўзига хос оҳангда айтилади. Халқимиз орасида рўза кунлари қўшиқ айтувчиларни рамазончилар ёки райвончилар деб юритишган. Мазкур қўшиқларда худудларга хос бўлган локал хусусиятларни кузатишимиз мумкин. Масалан, Жиззах вилоятининг Фориш туманида куйланадиган “Ё рамазон” қўшиғининг олқиш қисми “бучул” деб юритилган. Рамазон қўшиғида уй эгаларининг серҳимматлиги, қўли очиқлиги, мурувватпарварлиги каби ижобий хислатлари куйланса, қўшиқнинг яна бошқа бир вариантида мободо уй эгаси закот олиб чиқмаса, болалар ҳазил мазмунидаги мисраларни айтиб кейинги ҳовлига кетишади:

Рамазон айта-айта бўғзим қотди,

Эшигингда тура-тура тонглар отди.

Кўчангизда кўк улоқ ақвақлайди,

Совуқдан танглайгинам тақтақлайди...

Айтиш мумкинки, рамазончи болалар “Ё рамазон” қўшиқларини ҳудудларга хос тарзда куйлайдилар ва ҳолатга қараб импровизация қилишга ҳам қодирлар. Бир сўз билан айтганда, рамазон қўшиқлари инсонларни бир-бирига яқинлаштиришга, меҳр-оқибатли бўлишга, мурувватли ҳамда бирдамликка чақиришга хизмат қилади, десак хато бўлмайди. 

 

Файзулло Яҳёев , ЎзА