Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазон Ашропов: Ички ишлар органларида тизимга доғ тушираётган ходимлар ҳам йўқ эмас
17:18 / 2025-12-23

Ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича ўтказилган матбуот анжуманида соҳага доғ тушираётган ходимларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов ички ишлар органларида хизмат қилаётган юз минг нафарга яқин ходим орасида  тизимга доғ тушираётганлар ҳам йўқ эмаслигини айтди. Шу сабабли, бундай ходимлардан сафимизни тозалашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилда ходимлар томонидан 87 жиноят содир этилган. Мазкур жиноятларнинг 75 фоизига қўл урган ходимлар ички ишлар органларидан бўшатилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун прокуратура органларига юборилган. Уларнинг 18 нафарига нисбатан суд томонидан жазо тайинланган. 48 нафарига нисбатан тергов ҳаракатлари ва 19 нафарига нисбатан эса суд жараёни давом этмоқда. 1 нафари ярашув билан тугатилган, 1 нафарининг айби исботланмаган. 

[gallery-26874]

Тергов жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар, аҳоли томонидан ижтимоий тармоқларда қийноқлар юз бераётгани айтилаётгани, бунга қачон барҳам берилиши билан боғлиқ саволимизга Р.Ашропов айнан шу йўналишда амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Барча ички ишлар органлари биноларидаги тергов хоналари видеокамералар билан жиҳозлангани, ҳар бир жараён ёзиб олинаётганини маълум қилди. Тергов департаментига айнан шу масалада жорий йилда шикоятлар тушмаган. Шунга қарамай, ходимлар фаолияти ўрганилиб, турли рейдлар, назорат тадбирлари ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.  Жорий йилда хизмат интизомини қўпол равишда бузган 124 нафар ходим тизимдан бўшатилган.

– Бу рақамлар билан ўзимизни оқламоқчи эмасман, – деди Р.Ашропов. – Вазиримизнинг ташаббуси билан ходимлар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатларини ахборот хизмати орқали расмий каналларимизда ҳам бериб боряпмиз. Таъкидлаш лозимки, хизмат бурчига содиқ, фидойилик билан хизмат қилаётган ходимларимиз жуда кўп. Шу йилнинг ўзида 250 ҳолатда ходимлар фуқаролар томонидан таклиф этилган порани рад этиб, фуқароларга қонуний чора кўриш учун вазирлик Шахсий хавфсизлик хизматига мурожаат қилган. Фуқароларга нисбатан эса жиноят ишлари қўзғатилган. 

Қайд этиш керак, Ватан тинчлигини сақлаш йўлида 6 нафар ходим хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган, 131 нафари жароҳатланган.

Умуман олганда, бугунги кунда юртимизда фуқаролар ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари ходимларининг меҳнати Президентимиз томонидан эътироф этиб келинмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида 54 нафар ички ишлар органлари ходимлари давлат мукофоти билан тақдирланган. Бундан ташқари, идоравий буйруқ билан Ички ишлар вазирлиги томонидан 5 мингга яқин ходим рағбатлантирилган. 

Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА