Сирил Рамафоса Жанубий Африка Президенти лавозимини яна бир бор эгаллади. Инаугурация маросимида 18 давлат, асосан Африка мамлакатлари давлат, ҳукумат раҳбарлари иштирок этди.
“ТАСС” хабарига кўра, Рамафоса қасамёд қилди ва Жанубий Африка етакчиси сифатида иккинчи беш йиллик муддатни бошлади. Пойтахт Преторияда, ҳукумат Иттифоқи бинолари мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтган маросим SABC давлат медиа гуруҳи томонидан эфирга узатилди.
14 июнь куни Рамафоса миллий парламент қуйи палатаси – Миллий ассамблея депутатларининг кўпчилиги томонидан қайта сайланди. Рамафоса бошчилигидаги Африка Миллий Конгресси (АНК) партияси билан бирга ЖАРда оқ танли озчилик манфаатини ҳимоя қилувчи Демократик альянс (ДА) ҳам унга овоз берди. АНК ва ДА Рамафоса етакчилигида миллий бирлик ҳукуматини яратиш бўйича келишувга эришди. Бинобарин, 29 май куни бўлиб ўтган умумий сайловда ҳеч бир партия кўпчилик овоз қўлга кирита олмаган.
Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса қасамёд қабул қилиб, иккинчи муддат давлат раҳбари лавозимига киришаркан, шундай деди:
– Жанубий Африка янги тараққиёт даврига қадам қўймоқда. Айни жараён мамлакат олдида турган мураккаб муаммоларни ҳал қилиш учун бирдамлик ва қатъий меҳнат талаб қилади. Президент сифатида тараққиётимизнинг янги даврида пайдо бўлаётган саволларга жавоб топишда бизга ёрдам беришга тайёр барча сиёсий партиялар, кучлар билан ҳамкорлик қиламан. Халқимиз республика раҳбарларидан биргаликда ишлашни кутмоқда. Демак, амалдорлар ўзларининг тор манфаатидан воз кечиши, ЖАР иқтисодий, ижтимоий ривожланиши йўлида жипслашиши керак.
Рамафоса таъкидлашича, энди ҳеч бир партия мамлакатни мустақил равишда бошқара олмайди.
– Миллий бирлик ҳукуматини яратиш муҳим босқич, мамлакат тараққиётидаги янги боб. Бу ҳукуматга қўшилган томонлар давлатимиз манфаати учун бирлашдилар. Энди миллий мулоқот чақирилади, сўнгра Жанубий Африкани янада ривожлантириш режаси ишлаб чиқилади.
Амалдаги конституцияга мувофиқ, жорий имконият Рамафоса учун давлат бошлиғи сифатидаги охирги муддат ҳисобланади.
М.Пирматова, ЎзА