Тошкент вилоятидаги махсус пойга йўлларида ралли бўйича 2025 йилги очиқ чемпионатининг 2-босқич баҳслари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон миллий автомобиль ва мотоцикл федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада мамлакатимиз вакиллари билан бир қаторда қўшни республика авто спортчилари ўз омадини синовдан ўтказди.

Қишки шароитда ўтган пойгалар жараёни барча экипажлар учун маҳорат, чидамлилик ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлик имтиҳони вазифасини ўтади. Чемпионат якунларига кўра, 1600 тоифасида Фаррух Ўрунов/Отамурод Собировдан иборат 13-экипаж ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, кейинги ўринларни 43-экипаж аъзолари Марат Ҳаитбоев/Акромхўжа Суннатхўжаев ҳамда 10-экипаж вакиллари Хусниддин Меликмуродов/Яҳё Мираҳматов эгаллади.

Мусобақанинг 2 минг метрлик пойгаларида совринли ўринлар Жумабой Қурбонқулов/Фарҳод Тожиев, Фарҳод Даминов/Жавоҳир Қаҳҳоров ҳамда Дилшод Юсупов/Ғайрат Юсупов жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА