Мўйноқ туманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ралли Мўйноқ – 2022” автомотоспорт мусобақалари бошланди.
Тадбирнинг очилишида таъкидланганидек, мусобақани ташкил этишдан асосий мақсад минтақада туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, спорт ва фестиваллар туризмини ривожлантириш, автомотоспорт турларини оммалаштириш, шунингдек, ёш авлодни техник ва амалий спорт турларига жалб қилишдан иборат. Бундан ташқари, раллини ташкил этиш орқали туманда туризм соҳасида фаолият олиб борувчи корхоналарни ва хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўлиб ҳисобланади.
[gallery-7438]
“Ралли Мўйноқ – 2022” автомотоспорт мусобақаларида Тошкент шаҳри, барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларидан 132 нафар автомотоспорт устаси иштирок этмоқда. Улар двигатель ҳажми 1600 см3 гача “А-8” автомобиль класи, двигатель ҳажми 2000 см3 гача “А-9” автомобиль класи, двигатель ҳажми 2000 см3 гача “Багги”, двигатель ҳажми 125 см3 гача ҳамда двигатель ҳажми 500 см3 гача мотоцикллар йўналишларида куч синашмоқда.
– Мусобақада иккинчи марта иштирок этаяпмиз, – дейди “Ватанпарвар” ташкилоти Самарқанд вилояти кенгаши вакили Феруз Жумаев. – Ўтган йили баггилар мусобақасида иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритган эдик. Бу сафар бошқа йўналишда иштирок этиб, юқори натижага эришамиз, деган умиддамиз.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, 3 – 4 июнь кунлари “А-8” ва “А-9” автомобиль класслари бўйича мусобақаларда спортчилар Мўйноқ тумани маркази – Орол денгизининг ҳозирги қирғоғигача 415 километр масофани босиб ўтади. Мотоцикл ва багги йўналишларидаги мусобақалар Мўйноқ тумани марказининг ўзида кросс кўринишида ташкил қилинади. Эслатиб ўтамиз, барча йўналишлар бўйича ғолиблар жорий йилнинг 5 июнь куни аниқланади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА