Мамлакат тараққиётининг янги босқичида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш устувор вазифалардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Шу маънода, Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади. Унда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш ҳар бир ташкилот, тизим ва раҳбар зиммасига катта масъулият юкламоқда.
Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти тизимида Президент Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар ва топшириқларни кенг жамоатчиликка етказиш, уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш ҳамда амалиётга татбиқ этишга қаратилган изчил ташвиқот-тарғибот ишлари тизимли равишда ташкил этилмоқда.
Бугун айнан шундай тадбир мазкур ташкилотнинг марказий аппаратида ўтказилди. Унда Президент Мурожаатномасида кўтарилган долзарб масалалар кенг муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида Президент чиқишининг мазмун-моҳиятини тизимли ва тушунарли тарзда етказиш, 2026 йилга мўлжалланган стратегик вазифаларни кенг тарғиб қилиш мақсадида Мурожаатноманинг лингвистик таҳлили асосида махсус тақдимот ўтказилди. Хусусан, Мурожаатномада энг кўп қўлланган сўз ва иборалар, уларнинг маъновий юкламаси, асосий тушунчалар тизими, уларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда давлат сиёсатининг устувор йўналишлари атрофлича ёритилди. Бу орқали ислоҳотларнинг аниқ мақсад ва вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Мурожаатномада давлат харидлари соҳасида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш масаласи фақат қонун доирасида тартибга солиниши лозимлиги қатъий белгилаб берилгани таъкидланди. Мазкур ёндашув давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, шаффофликни таъминлаш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий омилларнинг олдини олишга қаратилгани қайд этилди.
Айниқса, коррупцияга қарши кураш масаласи Президент Мурожаатномасида кескин ва принципиал руҳда кўтарилгани йиғилиш иштирокчиларининг эътибор марказида бўлди. Хусусан, 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш йўналишида “фавқулодда ҳолат” эълон қилинишига алоҳида урғу берилгани, бу эса барча даражадаги раҳбар ва масъул шахслардан шахсий жавобгарлик, ҳалоллик ва қатъий назоратни талаб этиши таъкидлаб ўтилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА