Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Раҳбарлар театрга борди
10:47 / 2025-12-09

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимиздаги барча идора ва муассасаларда ҳар ойнинг бир куни "Театр куни" этиб белгиланган.

Мазкур анъана доирасида Хоразм вилоятидаги  вилоят,  туман ва шаҳар ҳокимликлари масъуллари, корхона - ташкилот раҳбарлари, уларнинг оила аъзолари учун спектаклъ намойишлари ташкил этилмоқда.  

Урганч шаҳри марказидаги вилоят драма театрининг бу галги томошабинлари " Лазгининг туғилиши” дея номланган спектаклни томоша қилиб,  маданий ҳордиқ чиқаришди.

Хоразмнинг бой маданий мероси ва миллий қадриятларини юксак даражада тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда вилоят биринчи раҳбаридан тортиб, турли соҳаларда фаолият юритаётган мутасадди, раҳбар, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.  

"Лазгининг туғилиши" спектакли театр жамоаси томонидан юксак маҳорат билан саҳналаштирилган бўлиб, “Лазги” рақсининг тарихий илдизлари, унинг шаклланиш жараёни ва халқимиз ҳаётидаги тутган ўрни бадиий тарзда очиб берилди.  

[gallery-26632]

Спектакль давомида томошабинлар миллий рақсимизнинг қадимий тарихи, унинг воситасида авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган миллий руҳ, саҳналаштирилган образлар, куй ва рақслар уйғунлигига гувоҳ бўлишди.

—Театрнинг  маънавият маскани деб айтилишида ҳам жуда катта маъно бор, — дейди “Ўзбек-Туркман дўстлик уйи” раҳбари  Давлатназар Ражабов. – “Лазги” рақсининг қандай яратилганлигини шундай маҳорат билан ижро этишдики, ўша замонга тушиб қолгандай ҳис қилдим ўзимни. Бундан ташқари, ижроларда опера, фольклор йўналишлари, “Масхарабоз йўли”, қайроқ ва сурнай усуллари, борингки, санъатнинг турли жанрлари қамраб олинди. Томоша жараёнида хоразмликлар орасида машҳур бўлган “Соз ила суҳбатни ёлғон деманглар. Чунки, Одам пайдо бўлғандан бордур” деган мисралар беихтиёр қалбимдан ўтди.     Нафақат мен, балки бошқа мухлислар ҳам спектаклни ҳайрат ва ўзгача завқ билан томоша қилишди.  

Намойиш этилган спектакль тарихий жараёнлар, минг йиллик инсоният цивилизациясини ўзида мужассам этган гўзал рақс “Лазги”ни тараннум этди. Томошабинлар эса унинг жозибасини  яна бир бор ҳис қилдилар.

Аҳоли маънавияти, дунёқарашини юксалтириш, ёшларни миллий ва умумбашарий ғоялар асосида камол топтиришда маданият соҳаси, хусусан, театр санъатининг ўрни катта.  

Мамлакатимизда барча корхона ва муассасаларда ойнинг бир кунини “Театр куни” деб эълон қилингани маънавият масканини янада гавжумлаштирди.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари