“Ўзбекистон-2030“ стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури 81-мақсадида давлат фуқаролик хизматчиларини узлуксиз малака ошириб бориш тизими билан қамраб олиш вазифаси белгиланган.
Унга кўра, 2024 йил давомида Республика бўйича камида 10 минг нафар давлат фуқаролик хизматчисининг, шу жумладан, «маҳалла еттилиги» вакилларининг малакасини ошириш чораларини кўриш вазифаси қўйилган.
– Белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг февраль ойида вилоят ҳокимлиги ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали ҳамкорлигида туман ва шаҳарларда “Маҳалла еттилиги” учун ўқув амалий семинарлар ташкил этилди, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали бош инспектори Раъно Умарова. – Мазкур ўқув-семинарларда вилоятда мавжуд 1126 маҳалла фуқаролар йиғинидан 5835 нафар “маҳалла еттилиги”масъуллари иштирок этди.
Қатнашчиларнинг билим ва кўникмасини синовдан ўтказиш мақсадида spv.bimm.uz платформаси орқали тест синовлари олинди.
Ўқувлар гибрид усулида ташкил этилиб, вилоятдаги бошқарма ва идоралардан шакллантирилган ҳамда Давлат бошқаруви академиясида тайёрланган 30 нафар ҳудудий тренер томонидан ҳар бир туман ва шаҳарга чиққан ҳолда 11 мавзудан иборат ўқув дастури асосида олиб борилди.
Давлат дастурида белгиланган “маҳалла еттилиги” вакиллари учун ўқув-семинарлардан ташқари давлат хизматчиларининг узлуксиз малака ошириш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида ҳудуддаги давлат фуқаролик хизматчиларининг малакаси тизимли равишда ошириб келинмоқда.
Биргина Самарқанд вилояти мисолида таҳлил қилинадиган бўлса, 2022-2023 йилларда 585 нафар ўрта ва қуйи бўғин раҳбари, 200 нафардан зиёд кадрлар хизмати масъули, 100 нафардан зиёд маҳаллий ҳокимликлар ходими, шунингдек, 45 нафар миллий кадрлар захираси, 120 нафар салоҳиятли кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун малака ошириш курслари ташкил этилди.
2024 йилда ҳам давлат фуқаролик хизматчиларининг малакасини тизимли равишда ошириб бориш режалаштирилган бўлиб, раҳбар кадрларнинг бошқарув маҳорати ҳамда мутахассисларнинг соҳавий билимларини ривожлантиришга қаратилган алоҳида малака ошириш курслари ташкил этилади. Малака ошириш курсларининг давлат фуқаролик хизматчилари учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида масофавий онлайн ўқув курсларини йўлга қўйиш ҳам белгиланган.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг узлуксиз равишда малака ошириб, ўзининг касбий ва шахсий компетенцияларини ривожлантириб бориши уларнинг фаолият самарадорлигини таъминлайди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири