French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Раҳбарлар мактаби” малака ошириш дастурининг иккинчи мавсуми бошланди
14:28 / 2026-01-06

Ҳар бир соҳанинг ривожи шубҳасиз бевосита раҳбар салоҳияти ва бошқарув лаёқатига боғлиқ. Жамоада соғлом муҳитни таъминлаш, ташаббускорлик ва меҳнатсеварлик кўникмаларини юксалтириш раҳбарнинг энг муҳим ва асосий вазифаси саналади. Айниқса, ёш авлод тақдирига масъул бўлган раҳбарларда бундай зарурат бир неча баробар кучлироқ бўлади. Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари раҳбарларида эса нафақат юқоридаги хусусиятлар, балки ғамхўрлик, бошқарувда креативлик бўлмоғи талаб этилади.

Шу мақсадда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги махсус мактаб раҳбар ходимлари учун мўлжалланган “Раҳбарлар мактаби” малака ошириш дастури ишлаб чиқилиб, уларнинг малакаси ошириб борилиши йўлга қўйилган. ALPHA таълим платформаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур дастурнинг иккинчи мавсуми бошланди.

25 нафар раҳбар ходим иштирок этаётган малака ошириш курсларида стратегик фикрлашни ривожлантириш, мактабларни тизимли бошқариш, жамоани самарали етаклаш ҳамда ўқувчилар учун хавфсиз, қулай ва инклюзив таълим муҳитини яратиш бўйича амалий кўникмаларни кучайтиришга муҳим аҳамият қаратилган.

Дастур давомида иштирокчилар ўз таълим муассасасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа устида ишлаб, якунда ҳар бир тингловчи, мактабининг бир йиллик ривожланиш, шунингдек 3 йиллик стратегик режасини тақдим этади.

Шу тариқа уларнинг фаолияти янада такомиллаштирилиши мақсад қилинган.

Шербек Исломов, ЎзА