Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Раҳбарлар фаолияти мониторинг қилиб борилади
22:20 / 2024-03-25

Бугунги кунда мамлакатимизда давлат бошқаруви ва давлат фуқаролик хизматлари самарадорлигини ошириш мақсадида давлат бошқарув органлари, турли даражадаги ташкилот ва муассасалар раҳбар ҳамда ўринбосарларнинг самарали фаолият олиб бориши учун зарур барча шароит яратиб берилган. Бунинг учун Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан уларнинг олдига битта-- халқимизга одилона ва садоқат билан хизмат қилиш, юрт равнақи, амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фаоллик кўрсатиш  талаби қўйилмоқда. 

Минг афсуски, айни кунда уларнинг орасида ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараб, зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажармаётган раҳбарлар ҳам йўқ эмас.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 мартдаги “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарларининг халқ олдидаги масъулияти, шахсий  жавобгарлигини ошириш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланган.  

Мазкур фармонга асосан, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КРI), уларга эришиш бўйича “йўл харитаси” ҳамда улар томонидан ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ҳукуматимиз томонидан тасдиқланади. 

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари ҳамда ҳудудлар бўйича чора-тадбирлар дастури асосида ишлаб чиқиладиган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси ўринбосарлари, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан ва уларга эришиш бўйича “йўл хариталари” Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан тасдиқланади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари асосида туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан ҳамда уларга эришиш бўйича ойлик иш режалари туман, шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.  

Самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот ҳар чоракда “samaradorlik.uz” электрон платформасига киритилади ҳамда унда раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги рейтинги шаклланади. 

Ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига белгиланадиган салмоқ ўлчови йиғиндисидан келиб чиқиб, самарадорлик кўрсаткичлари улар бажарилиши 70 фоиздан кам бўлганда – “қониқарсиз”, 70 фоиздан 85 фоизгача – “қониқарли”, 85 фоиздан 100 фоизгача – “яхши” ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланиши, жараён эса Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мониторинг қилиб борилиши белгиланди. 

Чорак якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари “қониқарсиз” деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига рағбатлантириш тўловлари келгуси 3 ой учун тўхтатилади ва уларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади. 

Йил якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари “қониқарсиз” деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади. 

Ушбу тизим амалиётга жорий этилиши орқали ҳар бир раҳбарнинг фаолиятига баҳо берилади. Белгиланган аниқ бир муддатда қайси вазифани бажариши лозим, уни бажарса қандай рағбатлантирилиши ёки аксинча бажармаса унга нисбатан қандай чоралар кўрилиши белгиланмоқда.  

Бир сўз билан айтганда, мазкур фармон юртимизда халқ фаровонлигини юксалтириш мақсадида қабул қилинаётган ҳужжатлардаги энг муҳим вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлақонли бажарилишига хизмат қилади. Қолаверса, ана шу жараёнда раҳбар ва уларнинг ўринбосарлари масъулиятини, хизмат самарадорлигини оширишга ёрдам беради 

Ҳаётбек Акбаров,  

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги 

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилоят филиали раҳбари ўринбосари. 

ЎзА