Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида раҳбарлар ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда филиал директори Зафар Хакимов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Рустам Турсунмурадовлар иштирок этишди.
Самимий ва очиқ муҳитда кечган мулоқотда талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан раҳбарларга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди. Суҳбат жараёнида таълим жараёнини янада такомиллаштириш, илмий изланишларга қизиқишни ошириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди.

– Ёшлар билан мунтазам мулоқот қилиш — уларнинг ғоя ва ташаббусларини амалиётга жорий этишнинг энг самарали усули, – деди Зафар Хакимов. – Биз ҳар бир талабанинг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга интиламиз.

Кенгаш раиси Рустам Турсунмурадов ҳам ёшларнинг фаоллигини алоҳида таъкидлаб, касаба уюшмалари тизимида уларнинг иштироки, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига тўхталиб ўтди.

– Ёшлар жамиятнинг кучли таянчи, уларнинг фаоллиги орқали ислоҳотлар мазмун касб этади, – деди у. – Шу боис ҳар бир ёшга ишонч билдириш, уларни ташаббускор ва масъулиятли фуқаролар сифатида тарбиялаш биз учун устувор вазифадир.
Тадбир давомида 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни ҳамда ташкилотнинг 120 йиллиги олдидан вилоят касаба уюшмасига эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, фаол ва ташаббускор талабалар ҳам эсдалик совғалари ва ташаккурномалар билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири