Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Раҳбариятдан холи суҳбат: вазир талабаларга хатарлардан йироқ юришни тавсия этди
07:51 / 2022-05-27

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди. Учрашувда кўргазма ҳамда талабалар ўзларининг "Start-up" ва инновацион лойиҳалари тақдимотини ўтказди.

Вазир лойиҳалар билан танишар экан, маҳаллий амалиётни янада кучайтириш, лойиҳалар сони ва сифатини ошириш, бола тарбиясида ташқи омиллардан ҳимоя қилувчи лойиҳаларни жонлантириш, инклюзив таълим, ижтимоий сўровномалар сифатини яхшилаш орқали омма фикрини ўрганиш ҳамда энг фаол талабаларни вазирликда амалиёт ўташ, ишга олиш юзасидан бир қатор топшириқлар берди.

Вазир шунингдек,  таълим олиш жараёнида учраётган айрим муаммоларни бевосита талабаларнинг ўзидан эшитиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида таълим маскани раҳбариятидан холи, расмиятчиликдан йироқ  равишда улар билан очиқ мулоқот ташкил этди. Вазир ва талабалар учрашувида ЎзМУнинг 100 нафардан ортиқ талаба ёшлари иштирок этди.

Абдуқодир Тошқулов олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, биргина қабулнинг 3 баравар ошгани ҳақида тўхталиб ўтди. “Агар қабул квоталари оширилмаганида балки ҳозир бу ерда сизларнинг учдан икки қисмингиз иштирок этмаган бўлар эдингиз”, дея таъкидлади.

Мулоқотда талабалар вазир учун аталган бир неча ўнлаб таклиф ва ташаббусларини билдирди. Жумладан, кутубхоналар, очиқ ҳавода китоб ўқиш учун махсус жойлар, талабалар турар жойларида Маънавият хоналарини қайта ташкил этиш, айрим фанлардан ўзбек тилида адабиётлар келтириш, Вазир грантини йўлга қўйиш орқали талабаларни рағбатлантириш, талабалардан иборат Вазир маслаҳат гуруҳини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ўртасида спорт мусобақалари ва фан олимпиадаларини ўтказиш, компьютер саводхонлиги курсларини кўпайтириш каби асосли таклифлар билдирилди ва буларнинг барчаси вазир томонидан маъқулланди.

Шунингдек, талабалар томонидан хизмат сафарларига бориш ва хорижлик талабалар билан  тажриба алмашиш бўйича ҳам таклиф билдирилди.

- Агар тажриба алмашиш мақсадида хориж сафарига борувчи профессор-ўқитувчилар ўзи билан камида беш нафар талабани қўшиб олиб кетмаса, унга хориж сафарига чиқишга рухсат берилмайди,  - деди.А.Тошқулов.

Шунингдек, вазир Журналистика факультети талабалари учун  сухандонлик фанларини жорий этиш, халқаро маданият ва хориж таълим тизимидаги тажриба билан яқиндан танишиш, махсус студия ташкил этиш ҳақидаги таклифларини ҳам қўллаб-қувватлади.  

Йиғилишда талабаларга бугунги кун муаммоси бўлган ахборот хуружи, дангасалик, лоқайдлик, ватанпарварлик ҳиссининг йўқлиги, беқарорлик, вақтичоғлик, тушкунлик каби хатарлардан йироқ юриш тавсия этилди.

Учрашув сўнггида энг яхши таклиф берган талабаларга вазирнинг эсдалик совғалари топширилди.

 

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА