Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Гулистон давлат педагогика институтида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда институт раҳбарияти ташаббуси билан ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Сирдарё вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турсунмурадов, вилоят ёшлар иттифоқи масъул ходимлари, ёш педагоглар ва талабалар иштирок этди.

Тадбирда Рустамбек Турсунмурадов Президентимизнинг ёшлар масалаларига доир ташаббуслари, жорий йил 14 февралда ёшлар билан учрашувда белгиланган устувор вазифалар, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шу билан бирга, учрашув иштирокчиларига касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи, унинг бугунги кундаги вазифалари ва ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар тақдим этилди.

Тадбир давомида ёшлар томонидан берилган саволларга жавоблар қайтарилиб, очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашув ёш авлод билан шаффоф ва самарали мулоқот ўрнатишда муҳим омил бўлди. Бундай учрашувлар ёшларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий билими ва ижтимоий масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Учрашув якунида бир қатор ёш педагог ўқитувчи ва талабалар Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши томонидан эсдалик совғалари ҳамда Самарқанд вилоятига икки кунлик бепул саёҳат сертификатлари билан тақдирланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири