Тошкентдаги “Ёшлар ижод” саройида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Aйтиш жоизки, бу тадбир оддий йиғилиш эмас, балки ҳақиқий фикрлар ва ташаббуслар, ғоялар майдонига айланди. Мазкур учрашувда катта қизиқиш билан иштирок этган ёшлар Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановга ўзларини қизиқтирган саволлар, ўйлантираётган муаммолари билан бирга истиқболдаги режалари хусусида ҳам сўзлаб берди.
Ўз навбатида, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ҳам 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” доирасида улғайиб келаётган авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар, Республика маънавият ва маърифат марказининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари, шунингдек, бу ишлар реал ҳаётда қандай натижа бераётгани борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Билим ва зиё олишнинг фойдаси, юксак натижаси, шунингдек замонавий интернет технологияларидан самарали фойдаланиш, сунъий интеллектнинг имкониятлари, инсон ресурсларини ривожлантиришдаги ўрни тадбир иштирокчиларининг диққат-марказида бўлди.
Муҳокамалар конструктив, самимий ва натижаларга бой бўлди. Очиқ суҳбатда ёшлар нафақат келажакни, балки бугунги кундаги долзарб масалаларни ҳал қилишда ҳам асосий куч экани ҳамда барча умидлар келажак ворисларида эканлиги айтилди.
Эътироф этилганидек, бугунги дунё ёшлар учун имкониятларга бой. Aммо ҳар бир имконият ўз вақтида фойдаланилса, натижа беради. Айни пайтда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган сунъий интеллект хусусида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. Чунки бугун кўпчилик ёшларнинг асосий вақти ижтимоий тармоқларда ўтмоқда. Улар орасида компьютер технологияларидан самарали фойдаланиб, яхшигина натижаларга эришганлар ҳам талайгина. Хўш, интернет тобора бизни қуршаб олаётган даврда ёшларимиз ундаги маълумотларни тўғри фильтрлай олаяптими?
Суҳбат асносида шу каби долзарб масалаларга муҳим эътибор қаратилди.

Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов тадбир давомида ёшлар муваффақиятида сунъий интеллектнинг ўрни ҳақида тўхталиб ўтди:
– Сунъий интеллект бугунги кунда имкониятларнинг янги калитидир, – деди О.Ҳасанов. – Лекин бу калитни тўғри ишлата олиш инсоннинг онгига ва маънавий салоҳиятига боғлиқ. Сунъий интеллект қудратли қурол, лекин уни бошқариш тафаккур ва маърифат талаб қилади. Aгар тафаккур суст бўлса, технологиялар бизга эмас, биз уларга хизмат қила бошлаймиз.
Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллект имкониятлар эшигини очади, аммо эшик ортидаги мақсадни белгилаш инсон тафаккуридан келиб чиқади. Бугунги ёшлар технологияларга қанчалик ошно бўлса, уларнинг имкониятларни тўғри йўналтириш қобилияти ҳам шунчалик муҳимдир.
Тадбир давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод саҳнага чиқди. У ўзининг янги шеърини ўқиб, ёшларни маънавиятга ошно бўлишга ундади. – Ёшларнинг технологияга қизиқиши билан бир қаторда, маънавиятга қизиқиши ҳам кучайиши лозим, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод тадбир давомида. – Зеро, технология қудрати тафаккур қудрати билан уйғунлашганида ҳақиқий натижалар юзага келади.
Энг яхши таклиф ва саволлар муаллифлари эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА