Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш ҳамда таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Ушбу учрашувда вилоят прокурори, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи ҳамда тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. Учрашув очиқ ва самимий руҳда ўтиб, ёшлар билан бевосита мулоқот қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида ёшлар томонидан билдирилган мурожаатлар, таклиф ва ташаббуслар атрофлича тингланди.
Учрашувда асосан иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, таълим, уй-жой, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқий масалалар ҳамда бошқа йўналишлардаги муаммолар кўтарилди. Ҳар бир мурожаат юзасидан масъул раҳбарлар томонидан тегишли тушунтиришлар берилди.

Учрашувнинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти жойидаёқ ижобий ҳал этилди. Айрим масалалар юзасидан ёшларга аниқ ечимлар таклиф қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этган мурожаатлар эса белгиланган тартибда назоратга олиниб, уларнинг ечими бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

Бундай учрашувлар ёшлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва ҳал этиш, шунингдек, ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
А.Бўриев, ЎзА