Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Раҳбар ва ёшлар мулоқоти
18:14 / 2025-10-30

Андижон вилояти Хонобод шаҳрида ҳоким вазифасини вақтинча бажарувчи Элёрбек Холмирзаев иштирокида доимий иш жойи ёки таълим билан банд бўлмаган ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда шаҳардаги фаол ёшлар, ишсиз ёшлар, талабалар ҳамда янги фаолият бошлашни истаган йигит-қизлар қатнашди.

Учрашув очиқ, самарали ва ишончли руҳда ўтди. Ёшлар фаол иштирок этиб, ўз ташаббус ва таклифларини билдирди.

– Биз бугун ёшлар овозини эшитиш учун йиғилдик. Ҳар бирингизнинг фикрингиз ва таклифингиз биз учун муҳим ва қадрли, – деди Элёрбек Холмирзаев суҳбат аввалида.

Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қийнаётган масалаларни очиқ баён этди. Хусусан, иш ўринлари етишмаслиги, касбга йўналтиришдаги қийинчиликлар, жамоат ишларига жалб этилиш ва таълимни давом эттириш имкониятлари ҳақида фикрлар билдирилди.

[gallery-25997]

Айрим ёшлар ўзининг кичик бизнес ғояларини амалга ошириш учун молиявий кўмак зарурлигини таъкидлади. Бошқалар эса касб-ҳунар марказларида ўқиш имкониятларини кенгайтириш бўйича таклифлар берди. Ҳар бир мурожаат ёзиб олиниб, масъул раҳбарларга жойида топшириқлар берилди.

Учрашувда шаҳардаги бўш иш ўринлари базасини янгилаш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшлар учун яратилаётган янги имкониятлар – имтиёзли кредитлар, ўқув дастурлари ва лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

– Ёшларимизда ғоя, меҳнат ва ҳаракат бор. Фақат уларни тўғри йўналтириш, қўллаб-қувватлаш керак. Биз шундай муҳит яратамизки, ҳар бир йигит ва қиз ўз орзу, мақсадига ета олади, – деди шаҳар раҳбари.

Учрашув сўнггида иштирокчилар ҳокимга самимий миннатдорлик билдириб, бундай очиқ мулоқотларни мунтазам ўтказишни сўрашди.

Бу мулоқот ёшларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Энг муҳими, ёшлар овози эшитилди, уларнинг фикри инобатга олинди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари