Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган 250 нафардан ортиқ ёш ходимлар, ИИВ 2-сон Тошкент академик лицейи ўқувчилари ҳамда соҳа фахрийлари иштирокда учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдураззоқов тизимда ёш ходимларга қаратилаётган эътибор, улар учун яратилаётган шароитлар, мавжуд имкониятлар билан бир қаторда, фаолият давомида учраётган айрим муаммолар ва камчиликлар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда хизмат самарадорлигини оширишда ёш ходимларнинг фаоллиги муҳим эканини алоҳида таъкидлади.

Очиқ мулоқот жараёнида ёш ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олиш, шунингдек, хизматни янада такомиллаштиришга қаратилган ташаббус ва таклифларини айтди. Кўтарилган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Шу билан бирга, айрим таклифлар бўйича ижро муддатлари ва назорат механизмларини янада аниқлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда ИИББ бошлиғи маслаҳатчиси, истеъфодаги генерал-майор Сайфулла Асадов ҳам сўзга чиқиб, ўзининг бой хизмат тажрибаси, касбий фаолият давомида орттирган сабоқлари билан ўртоқлашди. У ёшларга ватанпарварлик, касбга садоқат, хизмат жараёнидаги синов ва масъулиятларга бардошли бўлиш зарурлиги ҳақида ҳаётий мисоллар орқали тушунтириш берди. Учрашув якунида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ ёш ходимлар муносиб мукофотланди.

Умуман олганда, мазкур очиқ мулоқот учрашуви ёш ходимларнинг касбий ривожига кўмаклашиш, уларнинг масъулиятини ошириш ҳамда тизимда очиқлик ва соғлом мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
А. Мусаев, ЎзА.