Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Хатирчи ҳаёти” газетасида 25 йилдан буён бош муҳаррир вазифасида фаолият юритиб келаётган журналист Анвар Ҳосиловнинг 60 ёшлигига бағишланган тадбир ташкил этилди.
А.Ҳосилов “Хатирчи ҳаёти” газетасида 1988 йилда мухбир бўлиб ишга кирган. Ўтган йиллар давомида бўлим мудири, масъул котиб бўлиб ишлаган. 1996 йилдан ҳозирги кунга қадар бош муҳаррир вазифасида фаолият юритмоқда. Раҳбар аввало, ташкилотчи ва тадбиркор бўлиши керак, дейишади. Анвар акада ҳам ана шундай фазилатлар мужассам. У газетага муҳаррир лавозимига тайинланган илк кунлариданоқ газетанинг ададини ошириш, таҳлилий-танқидий мақолалар тайёрлашга эътибор қаратди. Таҳририятда обунани тўғридан-тўғри расмийлаштиришга асос солинди ҳамда газета асосан таҳририят томонидан тарқатила бошланди.
[gallery-5498]
– Муҳаррирлик катта меҳнат ва бардош талаб қилади, – дейди “Саломатлик” газетаси бош муҳаррири Иброҳим Жумаев. – Анвар Ҳосилов “Хатирчи ҳаёти” ни узоқ йилдан буён бошқариб келаётган бўлса, бу нашр аллақачон туман тарихининг кўзгусига айланган, дейиш мумкин. Бу бевосита газетанинг туман ижтимоий-иқтисодий ривожидаги ўрнини кўрсатади. Мазкур нашрнинг фидойи муҳаррири журналистик фаолият билан бирга оила бошлиғи сифатида ҳам фарзандлар ва невараларини ватанга фидойи қилиб тарбиялаб, вояга етказмоқда.
Умр саодатининг калити ҳам шунда, албатта. А.Ҳосиловнинг бевосита раҳбарлигида 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 25 миллион сўмлик грантига эришилди. 2017 йилда эса Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг компьютер жамланмаси олинди. Айни пайтда таҳририятга 1,5 гектар ер ажратилиб, ижодкорлар боғини барпо этиш ишлари бошланиш арафасида.
Тадбир якунида А.Ҳосиловга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг “Табрикномаси” ва эсдалик совғалари, Хатирчи тумани ҳокимлигининг махсус совғаси топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА