Юртбошимиз Навоий вилоятига ташрифи давомида Давлат бошқарув академияси билан биргаликда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, сектор раҳбарларининг салоҳиятини таҳлил қилган ҳолда қисқа муддатли семинарлар ташкил этиш юзасидан топшириқ берган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Навоий давлат педагогика институтида вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тренингда раҳбар-ходимларда ҳудуднинг иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа, шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари, ўзига хос хусусиятлари тўғрисида сўз юритилиб, бугунги кун раҳбар-ходимларнинг шахсий ривожланиш ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари KPI асосида баҳолаш”, “Стресс профилактикаси ва уни бартараф этиш”, “Тайм-менежмент: вақтдан унумли фойдаланиш”, “Жамоани шакллантириш ва жамоа билан ишлаш” каби мавзуларда тушунчалар берилди.

Тренингда иштирокчилар раҳбарларда самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш, касбий билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш, жамоавий руҳиятни ўзларида шакллантирган ҳолда жамоа бўлиб ҳаракатланишнинг афзалликлари тўғрисида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлди.

Иштирокчилар мавзу юзасидан амалий машғулотларда қатнашиб, интерфаол ўйинлар, махсус машқлар орқали ўзларининг ижодий имкониятларини очиш, уларни намоён этишга ҳаракат қилди.

Тадбир давомида Навоий давлат педагогика институти Магистратура бўлими билан ҳамкорликда иқтидорли ёшлар, шу жумладан, магистрантлар орасидан истиқболли ёш кадрлар захирасини шакллантириш, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ёш кадрларни давлат фуқаролик хизматига мақсадли равишда тайёрлаб бориш масалалари келишиб олинди.

Тренинг сўнгида бошқарув ходимлари, секторлар раҳбарларига аҳоли муаммолари билан манзилли ишлаш, фаолиятни ташкил этишда натижадорликка эришишга хизмат қиладиган таклиф ва тавсиялар берилди.
Унда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этди.
Абдували Бўриев, ЎзА