Бугунги кун дунё тараққиётида ўта илгарилаб бораётган давлатлардан ортда қолмаслик, у билан ёнма-ён юриш масаласи, халқимизнинг олий мақсадидир.
Мамлакатимизнинг табиий ресурсларга бойлиги, иқлим жиҳатдан жаннатмонандлиги, тараққиёт учун, дунёда муносиб ўринга эга бўлиш учун барча имкониятларга эга эканлигига қарамасдан дунёнинг ривожланган мамлакатларига маълум маънода ҳамон тенглаша олганимиз йўқ.
Бунинг кўплаб сабаблари бўлса-да, уларнинг ичида асосийси, бу – турли бўғинлардаги раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳияти ниҳоятда пастлиги, бошқарув ва раҳбарлик илмини пухта эгалламаганлиги, уларни танлаш ва тайинлаш тизими қолоқлиги ёки миллий менталитетимизнинг «салбий хусусиятлари» таъсири асосида лавозимларга, масъулиятли ишларга «тавсия қилиниши» кабилардир.
Давлат томонидан ишлаб чиқиладиган, жуда катта умидлар билан қараладиган мегалойиҳалар барбод бўлишининг асосий сабаби ҳам айнан раҳбар кадрларни танлаш ва улар бажара олмайдиган вазифаларни юклашдир. Афсуски, учинчи даражали кадрларга биринчи даражадаги вазифалар, биринчи даражадаги кадрларга эса учинчи даражадаги вазифалар юкланмоқда. Бу масалаларини чуқур ўрганмасак, таҳлил қилмасак ва хатоларни тузатмасак, дунёнинг қолоқ давлатлари сафида ўрнимиз «мустаҳкамланиб» бораверади.
Демак, раҳбарларда бошқарув салоҳиятини ривожлантириш, доноларимизнинг таъбири билан айтганда «ўзида бор» мукаммал кадрларни аввало, етиштириш ва маълум бир синовлардан сўнггина, масъулиятли лавозимларга тайинлаш масаласи давлатимизнинг стратегик вазифасидир. Тўғри, кадр танлаш масаласи жуда мураккаб жараён ва улкан масъулият. Лекин, мураккаблиги ёки қийинлиги учун салоҳиятли кадрларни танлаш борасида хатоларга йўл қўйиш – бу миллат ва халқ учун ҳалокат ҳамдир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг дунё билан интеграциялашуви ва ўз тараққиётида турли халқаро рейтингларни ва инсон ресурсларини ривожлантириш индикаторларини жорий қилаётганлиги эътирофга лойиқ масала. Лекин, бунда рақамларга эмас, ушбу фаолиятни бевосита акс эттирадиган натижага эътиборни қаратиш муҳим. Раҳбарларнинг нафақат савияси, балки ишониб топширилган тармоқ ёки соҳада янгилик қила олиш салоҳияти, тармоқни ривожлантира олиш қобилияти, муаммоларни ҳал қила олиш борасидаги қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли стратегик режалар белгилаши ва уни амалга ошира олиши асосий мезон бўлмоғи керак.
Профессионал раҳбар кадрларни, салоҳиятли бошқарувчиларни тайёрлаш ва танлаш, уларни ўз ўрнига қўя олиш жараёни мамлакат ҳаётининг энг долзарб масаласи экан, бу борада доимий ўзгаришлар, доимий янгиликлар ва такомиллашув бўлиши керак. Раҳбар кадрларни танлашнинг энг олий мезонлари, лавозимга тайинлашнинг тажрибадан ўтган синовлари қўлланилишигина бу борада стратегик бурилишни, сакрашни таъминлаш мумкин. Афсуски, бу борада катта ютуқларни қўлга киритганимиз йўқ. Чунки, раҳбар кадрларни танлаш ва тайинлаш тизими аъло даражада бўлганда эди, мамлакатимиз ривожланиш динамикасининг индикаторлари умуман бошқача рақамларни кўрсатиб турган бўлар эди.
Тўғри, агар сиёсатшунос сифатида ўзгаришларга баҳо берадиган бўлсак, ҳеч иш қилинмаяпти дейиш ҳам адолатдан эмас. Деярли бутун бир ўрта авлоднинг умрига тенг бўлган даврдаги «энг катта ютуғимиз сифатида» раҳбар кадрларни етиштиришнинг собиқ совет тизимидан бутунлай воз кечганимизни таъкидлаш ўринли.
Гарчи, cўнгги йилларда мамлакатимизнинг ривожланишнинг тамомила янги босқичи, учинчи Ренессанс даврини бошдан кечираётганлиги муносабати билан айнан раҳбар кадрлар тайёрлаш, уларнинг бошқарув, психологик, маънавий, сиёсий салоҳиятини юксалтириш ва уларни доимий мониторинг қилиб бориш, давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонларни, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгилаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Буларга мисол тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, 2017 йил 29 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони, 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилинганлигини таъкидлаш ўринли.
Ушбу ҳужжатларда энг асосий вазифалар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг энг асосий вазифалари қаторига:
- ҳозирги замон ижтимоий-иқтисодий шароитларида ишлаш учун бошқарув кадрларининг касбий тайёргарлигига нисбатан қўйиладиган талабларга жавоб берадиган олий касб таълими дастурлари бўйича давлат, хўжалик ва жамият бошқаруви соҳасида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
- давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда жамоат ташкилотларида кадрлар билан таъминланганлик ҳолати ва сифати бўйича ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш, уларнинг кадрлар захирасини шакллантириш, раҳбар кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва тайинлаш, давлат ва жамият бошқарувининг кадрлар салоҳияти мониторингини ташкил этиш услубиятларини ишлаб чиқиш ва ҳоказолар қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (кейинги ўринларда – Инновация вазирлиги деб юритилади) олдига қўйилган асосий вазифалардан бири этиб:
- давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва соддалаштиришни, давлат бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишни таъминлайдиган давлат бошқарувининг инновацион шаклларини жорий этиш кабилар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5843-сон Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик деб юритилади) юклатилган вазифаларнинг энг муҳимлари сифатида эса:
- кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш, давлат фуқаролик хизматчиларини тоифалаш ва уларга малака мартабалари (даражалари) бериш орқали хизмат карьерасининг лавозим поғоналаридан босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи давлат фуқаролик хизматининг «карьера модели»ни жорий этиш;
- номзоднинг барча фазилатлари ва устунликларини, шу жумладан унинг маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик сифатларини объектив баҳолаш имконини берадиган очиқ мустақил саралаб олиш асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш;
- давлат органи ва ташкилоти даражасидан (республика, вилоят, туман ва шаҳар), ходимнинг малака мартабаси (даражаси) ва шахсий ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда иш ҳақини белгилашга нисбатан унификациялаштирилган талаблар ўрнатилишини назарда тутувчи давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизимини жорий этиш;
- миллий, республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда профессионал тайёрланган самарали кадрлар захирасини шакллантириш, давлат фуқаролик хизматига энг малакали номзодларни саралаб олиш учун хусусий бандлик агентликларини фаол жалб этиш ва замонавий аутсорсинг шаклларидан фойдаланиш ва ҳоказоларни кўрсатиш мумкин.
Давлат томонидан тақдим қилинган бундай ваколатлар қандай тарзда амалга ошириляпти, берилган шундай катта ишонч ва масъулият қай даражада оқланмоқда, деган саволларга жавобни эса кечиктириб бўлмайди ва бу борада имкон қадар қисқа фикрларимизни келтириб ўтсак.
2005 йилда Давлат ва жамият қурилиши академияси тарзида ташкил қилинган Академия томонидан бугунги кунга қадар кўпсонли раҳбар кадрлар тайёрлаб берилганлигини ва уларнинг давлат ва жамият бошқарувининг турли бўғин, тармоқ ва соҳаларида фаолият юритаётганлигини, лекин, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ўтган давр мобайнидаги натижа кутилганидек юқори бўлмаганлигини таъкидлаш лозим. Шунингдек, етиштирилган раҳбар кадрларнинг натижасини ва самарадорлигини баҳолаш ҳанузгача мушкул бўлиб қолмоқда.
Сабаби, ушбу даврда академияда ўқиган ва мамлакат тараққиётини таъминлашга ҳисса қўшаётган раҳбар кадрлар фаолиятидаги самарадорликни баҳолашнинг аниқ методологияси ва мезонлари шакллантирилмаган, улар карьерасининг динамикаси илмий муаммо сифатида ўрганилмаган, муаммоларнинг ечими борасида аниқ таклифлар ёки тавсиялар ишлаб чиқилмаган ёки ҳисобга олинмаган. Ўтган даврда тайёрланган, қайта тайёрланган ёки малакаси оширилган раҳбар кадрлар мамлакатимизни катта сакрашлар қилишга, жаҳон мамлакатлари билан рақобат қила олишига эришдилар, давлат ва жамият бошқарувида жуда самарадор бошқарувни намоён қилмоқдалар деб айта олмаймиз.
Бунинг асосий сабаби сифатида, Академияда таълим берадиган мутахассисларнинг аксари фан доктори, профессорлар, фан номзоди, доцентлар эканлиги, уларнинг ҳам аксар қисми, давлат бошқаруви, бизнес бошқаруви, жамият бошқаруви соҳасида умуман тажрибаси йўқлигини кўрсатиш мумкин.
Бўлажак раҳбарларга эса фақатгина фан соҳасида шуҳрат қозонган, балки, давлат бошқарувининг турли бўғинларида, бизнес, тармоқ бошқарувида ишлаган, бу борада маълум ютуқларга эришган, ҳаётий ва бошқарув тажрибаси катта, бошқаришнинг аччиқ-чучугини тотган мутахассислар, чет эл компаниялари менежерлари таълим бермоқликлари мақсадга мувофиқ. Ўқиётган тингловчилар фақатгина олимларнинг маърузалари, тестлар ечиш ва ҳоказолар билан чекланиб қолаётганлиги туфайли, юксак тафаккурга ва бошқарув салоҳиятига эга бўлган етакчи раҳбарлар кам етишиб чиқаётганлигининг асосий сабабларидан бири сифатида кўрсатиш лозим.
Яна бир ташкилот, яъни не-не орзу умидлар билан, мамлакатнинг эртанги куни учун истиқбол мегалойиҳа сифатида ташкил қилинган Инновация вазирлиги ҳам бу борада ўзига юклатилган вазифани бажара олмаяпти ёки уни амалга ошириш учун салоҳияти етмаяпти дейиш мумкин. Гарчи, вазирлик тузилмаси таркибида «Давлат ва жамият қурилишига инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси» ташкил қилинганлиги, унда кўплаб малакали дея танлаб олинган мутахассислар фаолият юритаётганлигига қарамасдан, давлат ва жамият бошқаруви борасида ҳали бирор бир ижобий фикр, лойиҳа ёки инновацион ғоя илгари сурилди ва жорий қилинди дейиш қийин.
Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида, вазирлик бошқарувида катта ҳаётий тажрибага эга бўлган бошқарувчиларнинг эмас, балки, фақатгина фан соҳаси билангина чекланган олимларнинг, бошқарув соҳасидан бир мунча йироқ, катта мегалойиҳаларни рўёбга чиқаришда амалий тажрибага эга бўлмаган, раҳбарлик салоҳияти паст кадрлар мавжудлигидир. Мутахассис сифатидаги фикримиз шундан иборатки, вазирликдаги олим раҳбарларни ўзларини қийнаб турган бошқарув лавозимлардан озод этиб, уларга ўз соҳалари бўйича лабораториялар, технопарклар очиб берилса, балки давлатга ва жамиятга кўпроқ фойдаси тегиши мумкин.
Юқорида келтириб ўтганимиз, яна бир ташкилот, яъни Агентлик ҳали нисбатан ёш ва катта тажрибага эга бўлган ташкилот бўлса-да, олдинга интилаётганлигини кўриш мумкин. Аммо, ушбу ташкилот ҳам ўз вақтида ўз фаолияти давомида мамлакатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни ўз вақтида, самарали бажара олишлари учун кўп изланишлар ва қатъиятлик намоён қилишлари талаб этилади. Бунинг учун эса, мамлакатимизда кадрлар салоҳиятини баҳолаш ва уларни аниқ ўз ўринларига тайинлаш учун аввало қандай раҳбарларни тайинлаш ва уларда қандай хусусиятларни шакллантириш, ривожлантириш зарурлиги ҳақида ҳам сўз юритсак.
Маълумки, бугунги кун раҳбар кадрларини лавозимларга тайинлашдан олдин махсус тизимни, методологияни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, ҳар қандай ташкилотнинг ёки тармоқнинг фаолият йўналишига мос кадрларни топиш, уларнинг ишчанлик, ташкилотчилик, маънавий сифатларини синовдан ўтказиш, уларнинг қайси соҳага лаёқати мавжуд эканлигига қараб лавозимга тайинлаш масалаларини чуқур ўрганиш талаб этилади.
Раҳбар кадрларни танлашнинг методологиясига эса раҳбарнинг сифатларини ҳисобга олиш, яъни соҳани ҳамда қўл остидаги ходимларини ривожлантириши, ўзининг устида доимий ишлаши, ижтимоий-маънавий муҳитдан хабардорлик сингари хусусиятларни албатта киритиш лозим. Бугунги кун давлат ва жамият бошқаруви соҳасида фақатгина буйруқни бажарадиган робот механизм кадрлардан воз кечиб, мустақил фикрлайдиган, масаланинг ечими бўйича пухта ва аниқ қарорлар қабул қиладиган, уларнинг ижросини таъминлай оладиган кадрлар кераклигини тушуниб етиш лозим.
Бу муаммоларни ҳал қилиш учун раҳбар кадрларда аввало, иш жараёнини ташкил қилиш, ностандарт қарорлар қабул қилиш, турли анъанавий услублардан воз кечиб, креатив ишлаш механизмларини, кўникмаларини амалий шакллантириш масалаларига эътибор қаратиш керак.
Энг муҳими, уларнинг маълум бир лавозимларга тайинлангандан сўнг, олган билимларини нечоғли қўллаётганлигини мониторинг ёки таҳлил қилишдир. Чунки, замонавий билимларни олган кадрлар кўпинча ўз иш идорасига қайтиб бориши билан яна ўша эски бюрократик иш тизимига асосланган услубда давом эттиришга мажбур бўлади. Шунинг учун ҳам масаланинг яна бир муҳим жиҳатини, яъни уларга фақатгина замонавий ва креатив иш услубинигина эмас, балки ўша бюрократик иш тизимини ўзгартириш стратегиясини ўргатишдир.
Бугунги кунда раҳбар кадрлар фаолиятида кузатиладиган энг катта ва мураккаб муаммолардан бири – бу ўз ташкилоти ва тармоғи учун кадр танлай олиш ва уларни бошқариш лаёқатининг етишмаслигидир. Бу борада афсуски, раҳбарларда HR (инсон ресурсларини ривожлантириш) борасидаги билимларнинг пастлиги сақланиб қолмоқда. Инсон ҳуқуқларига зид равишда, шунингдек, инсон ресурслари мамлакатнинг миллий бойлигига айланиши шароитида ташкилотга келган янги раҳбар томонидан олдиндан ишлайдиган ходимларга нисбатан «бутунлай тозалаш» операциясига мойилликнинг мавжудлиги ва бу жамиятда катта норозиликларга сабаб бўлишини эса минг афсуски, кўплаб раҳбар англаб етмаган ва бундай номақбул ишларни амалга оширмоқдалар.
Ходимларга паст назар билан қараш, гоҳида ўзининг тор мезонлари ёрдамида уларни саралаш, ўзининг яккаҳокимлигига таяниб, хоҳлаган кадрларини ишлатиб ва қолганларини бўшаб кетишга мажбур қилиш, «нотаниш» ходимлардан хавфсираш, уларни душман сифатида қараш руҳиятидан озод қилиш масаласи соҳадаги энг долзарб вазифалардан бўлмоғи шарт! Айниқса, ходимларнинг ноҳақ бўшатилиши, уларга доимий руҳий босим ўтказилишидан ҳимоя қиладиган ҳуқуқий механизм ёки тизимни яратиш энг устувор вазифа сифатида тезда ечимини топиши лозим.
Кўплаб раҳбарларда ўз мансабини йўқотишдан қўрқиш синдроми ҳам кенг тарқалган муаммолардан бири бўлиб қолаётганлиги, ўзига келажакда рақобатчи бўлишидан хавотирга тушиб, кўплаб ўринбосарларини ёки соҳани яхши тушунадиган кучли мутахассислардан қутулишга бўлган ҳаракатлар ҳам афсуски, кенг тарқалган. Бунинг ижтимоий хавфини эса кўплаб раҳбарлар тушуниб етмаяптилар. Бу эса ўз навбатида, бўшатилган кадрларнинг хорижий мамлакатларга иш излаб кетишларига ёки давлат сиёсатидан норози бўлишларига олиб келмоқда. Демак, ноқобил раҳбарлардан кадрларни ҳимоя қилиш тизими ҳам зудлик билан жорий қилиниши лозим. Демак, бошқарув кадрларининг инсонийлик, маънавий ва ахлоқий сифатларини ривожлантириш, бошқаларнинг шаънини, ор-номусини ҳурмат қилиш ҳиссини шакллантиришга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Бугунги кун баъзи раҳбар кадрлари фаолиятида кузатилаётган яна бир камчилик ОАВ билан ишлаш кўникмаларига эга эмаслиги кузатилмоқда. Демак, раҳбарлар учун ахборот сиёсатининг замонавий тенденцияларини, улардан самарали ва креатив фойдаланиш услубларини ўргатиш ҳам бугунги куннинг долзарб масалалари сифатида майдонга чиқмоқда.
Бундай методларнинг вариантлари сифатида раҳбар ва бошқарувчи кадрлар учун раҳбарликнинг масъулияти ва замонавий усуллари борасида доимий курслар, семинарларнинг ташкил қилинишидир.
Яна муҳим муаммолар ичида раҳбар кадрларнинг ҳимояси, ҳуқуқлари, манфаати, мавқеи, масъулияти ва бурчи кабилар алоҳида ва муҳим аҳамиятга эга мавзудир.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, биз содиқ, масъулиятли, халқ манфаати ва тинчлигини, фаровонлигини ўйлайдиган, унинг ғамини ейдиган, ишнинг кўзини биладиган, замонавий фикрлаш ва ишлаш қобилиятига эга, муносиб раҳбарларни топиш, тарбиялаш, масъул лавозимларга тайинлаш, фаолиятини доимий мониторинг қилиш сингари вазифаларни давлат сиёсатининг стратегик вазифаси сифатида белгилаб олсаккина, олдинга қўйилган мақсадларимизга эришамиз. Чунки, замоннинг ўзи, бизни тараққиёт йўлида йўқотилган вақт ўрнини тўлдиришга, халқимизнинг дарду-ташвишларини бартараф қилишга, эртанги куннинг муносиб авлодларини тайёрлашга ва улар олдида масъулиятни янада чуқур ҳис қилишга ундамоқда.
Бектош БEРДИЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси, Сиёсий фанлар бўйича (PhD) фалсафа доктори