Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) томонидан кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Навбатдаги хорижий стажировка давлат бошқарувида гендер тенгликни таъминлаш ва самарали кадрлар сиёсати бўйича Франциянинг илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида ташкил этилди.

“Раҳбар аёллар мактаби”нинг энг салоҳиятли тингловчилари Париж шаҳрида Франция Давлат хизмати вазирлиги ҳузуридаги Давлат бошқаруви ва хизмати бўйича Бош директоратида давлат хизмати тизими, кадрлар сиёсати, профессионал тенглик ва аёл раҳбарларни қўллаб-қувватлаш механизмлари бўйича тақдимотларда иштирок этди.
Дастурнинг асосий қисми Франция Давлат хизмати Миллий институтида бўлиб ўтмоқда. Тингловчилар замонавий лидерлик, гендер сиёсатини амалга ошириш, давлат хизматида инновацион бошқарув, самарали коммуникация ижтимоий стереотипларни енгиб ўтиш каби муҳим йўналишлар бўйича амалий машғулотларда қатнашмоқда.
Ушбу халқаро стажировка натижасида раҳбар аёллар Франциянинг давлат бошқаруви моделини ўрганиб, ўз иш фаолиятида қўллаш учун аниқ таклиф ва механизмларни ишлаб чиқади.
Н.Абдураимова, ЎзА