Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастурини тамомлаган хотин-қизларнинг 10 фоизи раҳбарлик лавозимларига тайинланган
09:55 / 2024-02-02

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асослари такомиллаштирилди.

Жумладан, Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритилгани натижасида сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизига оширишни назарда тутувчи янги норма жорий этилди.    

Бу Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди.  

Мажлисда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда 2024 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури лойиҳаси кўриб чиқилди.  

Дастур ижроси доирасида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича Давлат бошқаруви академиясида 319 нафар хотин-қиз ўқитилгани таъкидланди.  

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида  262,2 минг нафар хотин-қизга 4,5 триллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Ишсиз ва ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи 27 мингдан зиёд хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш учун 118,5 миллиард сўм субсидиялар берилди. 250 мингдан зиёд хотин-қизлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўқитилди.  

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан 2023 йилда ўтказилган давлат ижтимоий буюртмаси ва грант танловларида 6,6 миллиард сўмлик 39 лойиҳа хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, эрта никоҳ ва ажримларни камайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва уларга ҳуқуқий, психологик кўмак кўрсатиш соҳаларига ажратилди.  

Муҳокамалар жараёнида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгаши органлари фаолияти талаб даражасида ташкил этилмагани танқид қилинди.  

“Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастурининг 99 нафар битирувчиси Миллий кадрлар захираси маълумотлар базасига киритилган бўлиб, уларнинг атиги 10 фоизи раҳбарлик лавозимларига тайинланган.  

“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 2023 йилда хорижга таълим олиш учун юборилган ёшлар орасида хотин-қизлар улуши 30,6 фоизни ташкил этган. Аммо докторантура таълим дастури бўйича аёлларни жалб қилиш ишларини жадаллаштириш зарурлиги  таъкидлаб ўтилди.  

Шунингдек, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш борасида ишларни давом этиш зарурлиги белгиланди.  

2024 йилги дастурдан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш ўрин олиши зарурлиги қайд этилди. Давлат хизматидаги хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий салоҳиятини ошириш, STEM (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – техник ижодкорлик, Mathematics – математика) йўналишларидаги фанларга хотин-қизлар улушини ошириш, уларнинг илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмаларини шакллантириш, аёлларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш мақсадга мувофиқ.  

Шу билан бирга, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини оширишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, давлат хизматидаги хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий салоҳиятини ошириш каби масалаларга эътибор қаратилди.  

Н.Абдураимова, ЎзА