Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова иштирокида «Раҳбар аёллар мактаби» ўқув дастури доирасида таҳсил олаётган хотин-қизлар учун ўқув соати ташкил этилди.
Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги тегишли фармонига мувофиқ, давлат ва жамиятнинг турли соҳаларида фаол бўлган бир гуруҳ хотин-қизлар «Раҳбар аёллар мактаби» ўқув дастури доирасида таҳсил олмоқда.
«Раҳбар аёллар мактаби» ўқув курсида тингловчилар давлат бошқарувини ташкил этишнинг муҳим жиҳатлари ва аҳамиятли томонлари хусусида малакали экспертлардан таҳсил олади.

Дастур якуни бўйича ўқувларни муваффақиятли тамомлаган хотин-қизлар хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари, илмий марказлари ва компанияларида малака ошириши белгиланган. Шунингдек, тингловчилар Миллий кадрлар захирасига киритилади ва давлат фуқаролик хизматидаги юқори турувчи лавозимларга тавсия этиб борилади.

Вазир Ҳилола Умарова учрашув давомида юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан бу борада кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбат ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Жаҳон банкининг ҳуқуқий гендер тенглиги йўлида эришилган ютуқларни баҳоловчи “Аёллар, бизнес ва қонун” (2024 йилги WBL) номли халқаро ҳисоботда Ўзбекистон 2022 йил октябрь ойидан бошлаб энг кўп яхшиланган бешта давлатдан бири сифатида тан олинган (Иордания, Малайзия, Серра-Леоне, Того билан бирга).
Мамлакатимиз олимларининг қарийб ярми (48 фоиз), магистратурада таҳсил олаётганларнинг 60 фоиздан ортиғи, давлат бошқарувидаги раҳбарларнинг 35 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Шунингдек, хотин-қизлар қонун чиқарувчи, ижро тизими ва суд ҳокимияти тизимидаги турли ташкилотларда фаол иш олиб бормоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида деярли бир миллион ходим фаолият олиб боради ва уларнинг 72 фоизи хотин-қизлардан, тизим раҳбарларининг деярли 50 фоизи аёллардан иборат.
Айни вақтда вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари ҳамда таълим ташкилотларидаги раҳбарлик ўринларига номзодларни саралашда хотин-қизларга алоҳида устунлик берилмоқда.

Бунга асосий сабаб давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият юқори бўлади”.
“Раҳбар аёллар мактаби“ ўқув курсида тингловчилар давлат бошқарувини ташкил этишнинг муҳим жиҳатлари хусусида малакали экспертлардан таҳсил олади.
Дастурни муваффақиятли тамомлаганлар хорижнинг нуфузли университетлари, илмий марказлари ва компанияларида малака ошириши белгиланган.
Айтиш керакки, вазирлик тизимида фаолият олиб бораётган қарийб бир миллион нафар ходимнинг 72 фоизи, тизим раҳбарларининг деярли 50 фоизи хотин-қизлардан иборат.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ўзаро дўстона мулоқотга айланган тадбир доирасида тингловчиларнинг раҳбарлик лавозимида аёлларнинг муҳим ўрни, бунга эришиш йўлидаги синовларни енгиб ўтиш, жамоани бошқариш борасидаги саволларига ўз ҳаёт йўли ва касбий тажрибаси мисолида атрофлича фикр билдирди.
Н.Усмонова, ЎзА