Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Ўзбекистонда давлат бошқаруви салоҳиятини оширишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида “Раҳбар аёллар мактаби” дастури иштирокчилари учун Латвия Республикасида стажировка ташкил этилди.
Мазкур ташрифда юртимизнинг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган раҳбар аёллар қаторида Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигининг бош мутахассиси, “Раҳбар аёллар мактаби” дастури иштирокчиси Феруза Ҳожимуродова ҳам иштирок этди.
Феруза Ҳожимуродованинг таъкидлашича, ушбу тадбир Ўзбекистонда фаол раҳбарлик қобилиятига эга аёлларнинг билим ва кўникмаларини янада ошириш, уларни халқаро тажрибалар билан таништиришга хизмат қилади.

– Латвиядаги тажриба бизда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, қонун ижодкорлигида аёллар иштирокини таъминлаш, гендер тенглигини амалга оширишда фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш борасидаги ёндашувлар биз учун жуда муҳим. Шу билан бирга, замонавий технологиялар орқали аёллар учун яратилаётган имкониятлар, бизнес ва ижтимоий соҳалардаги инновацион ечимлар юртимиздаги амалиётда ҳам қўллашга арзийди, – деди у.
Стажировка доирасида иштирокчилар Латвиянинг гендер тенглиги сиёсати, ижтимоий хизматларни кўрсатишда ННТлар билан ҳамкорлик қилиш, жамоатчилик фикрини шакллантириш, шунингдек, ижодкорлик ва инновацияларни рағбатлантириш борасидаги тажрибаси билан танишди.
Агентлик ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур стажировка раҳбар аёлларга халқаро тажриба ва илғор амалиётлардан ўрнак олиш, ўз фаолиятларида инновацион ёндашувларни жорий этиш, шунингдек, гендер тенглигини таъминлашда самарали ечимлардан фойдаланиш имконини яратди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА