Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рафаэль Гросси: “Ҳар бир ядровий лойиҳа барпо этилган жойга фақат яхшилик келиши лозим”
21:26 / 2025-09-25

Бугун Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон атом ҳафталигининг очилиши маросимида Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси атом саноати ривожи ва тартиб-тамойилларига урғу берди:

- Аввало, Жаҳон атом ҳафталигида иштирок этаётганимдан хурсандман. Ҳозирги даврда атом саноати тараққиётининг ўзига хос босқичида турибди.

Бугунги тадбирни айнан Москвада ўтказиш жуда маъноли, чунки бу мамлакат тарихан ядровий энергетика ривожида пешқадам бўлиб келган. Шунинг учун, бугун ядровий энергетика учун кўп имкониятлар очилаётган бир пайтда, атом энергияси борасида турли шак-шубҳалар ва саволлардан кейин бу ерга йиғилиб, қандай қилиб биргаликда янада олға силжишимиз мумкинлигини муҳокама қилиш жуда тўғри бўлади. Халқаро ташкилот нуқтаи назаридан, бу  ана шу ижобий тенденциялар энг тўғри йўлда амалга ошишини таъминлаш ҳақидадир.

Энг муҳими, атом энергетика ҳақида гапирганда, унинг тинч мақсадларда қўлланилиши кафолатланган бўлиши керак. Яъни, ҳар бир ядровий лойиҳа барпо этилган жойга фақат яхшилик келиши лозим. Ядро энергетикаси фақат тинч мақсадларда ишлатилиши зарур. Ҳар қандай атом иншооти, ҳар қандай атом электр станцияси ўз фаолияти натижаларини фақат тинч мақсадларга йўналтириши керак. Шунинг учун барча хавф-хатарларни минимал даражага тушириш ва умуман бартараф этиш лозим. Жумладан, ядровий қурол тарқалишига йўл қўймаслик, ядровий хавфсизлик ва физик хавфсизлик стандартларига тўлиқ риоя этиш шарт.

Бу масалалар ҳам ҳозирги, ҳам келгуси лойиҳаларда энг жиддий тарзда таъминланиши зарур. Муҳими, айнан шу параметрларга риоя қилган ҳолда, ривожланаётган мамлакатлар, умуман, барча давлатлар атом технологиясига эга бўлиш имкониятига эга бўлсин. Бунинг барчаси шериклик ва ҳамкорликни талаб қилади. 

Шериклик ва биргаликда ишлаш муҳим ҳисобланади. Чунки “Росатом” доимо ана шундай иш стандартларига амал қилиб келмоқда, билим алмашиш, шериклик ва дўстликни мустаҳкамлаш учун платформалар яратмоқда. Тузган ҳар бир лойиҳаси ҳеч қачон фақат тижорат лойиҳаси бўлмаган. “Росатом”нинг ҳар бир лойиҳага бағишлаган сахийлиги ва очиқ кўнгиллилиги алоҳида намуна ва мақтовга лойиқдир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Россия, Москва шаҳри.