Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
РАДИО КУНИ: Алло, диққат, алло, Тошкентдан гапирамиз...
17:27 / 2020-05-07

Радиони илк бор рус физик олим Александр Попов ихтиро қилган.


Радиони илк бор рус физик олим Александр Попов ихтиро қилган. 1895 йил 7 май куни олим кашфиётини илк маротаба намойиш қилган эди. Шу-шу бу сана дунё миқёсида Радио куни сифатида ўтади.

Ўзбекистонда радио пайдо бўлиш жараёни ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий. Шу боис, бугун маҳаллий радио тарихига бир назар солдик.

Ўзбекистонда радиостанция қуриш ишлари 1926 йилда бошланади. 1927 йил 4 январда Тошкентда қуриб битказилган радиоэшиттириш станцияси биносини жиҳозлаш бўйича тегишли қарор қабул қилинади ва биринчи радиостанция узатувини синовдан ўтказиш мақсадида театрдан трансляция қилиш мақсадга мувофиқ, деб топилиб, синов мувафаққиятли амалга оширилади. Шу тариқа Тошкент радио эшиттириш станцияси ўз фаолиятини 1927 йил 4 февралда бошлаб, 1927 йил 11 февралдан радиоэшиттиришларни мунтазам эфирга узатишни йўлга қўйди.

Бу Ўрта Осиёда биринчи радиостанция эди. Радиостанциянинг қурилишида вақтли матбуотда чоп этилган мақолаларнинг ҳам ўзига хос ўрни бўлган. Негаки, матбуот саҳифаларида радиостанция қурилишига доир жуда кўп материаллар босилди. Асосий мақсад меҳнаткашларнинг ушбу радиостанция қурилишига доир тўплаётган пуллари ҳақида оммага маълумот бериш эди. Ана шундай мақолалардан бири “Правда Востока” газетасининг 1926 йил 15 июндаги сонида “Эшитинглар, эшитинглар” сарлавҳаси билан ўқувчилар қўлига етиб борган.

Ўша пайтда радио мўъжиза эди. У Ўрта Осиё халқлари ҳаётида катта янгилик бўлиб, айниқса, қишлоқ меҳнаткашлари радиокарнайлардан таралаётган хабару куй-қўшиқларни жон дили билан тинглаган.

Иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан 1927 йил 9 ноябрда Самарқанд шаҳрида иккинчи радиостанция ишга туширилди. 1928 йил январда Намангандаги эски мадрасада радиоузел иш бошлади. 1929 йилдан эса Ўрта Осиё тарихи ва иқтисодий географияси, ҳуқуқ, маданий-маърифий мавзуларда эшиттиришлар тайёрланди. 1929 йилда Тошкент радиостанциясининг эфирга узатиш имкониятларини янада кенгайтириш, бунинг учун эса етарли қувватга эга бўлган радиостанция қуришга бел боғланди. Бу радиостанция 1930 йилда фойдаланишга топширилди. Шу йилдан бошлаб радиоэшиттиришлар ўзига хос жанрлар билан бойий бошлади. 1930-1934 йиллар оралиғида Урганч ва Нукус шаҳарларида ҳам радиоузеллар ишга тушди.

Радиожурналистика тарихига доир айрим манбаларда илк бор Абдуқодир деган сухандон ўзбек тилида “Алло, диққат, алло, Тошкентдан гапирамиз!” деган сўзлар билан эшиттириш бошлагани айтилади. Яна бошқа илмий материалларда келтирилишича, ўзбек радиосининг биринчи диктори Назирхон Камолов бўлган.

Олим ва журналист Б.Рихсиевнинг ўша пайтда республика радиоэшиттириш ишларини ташкил этиш ташаббускорларидан бўлган Ҳожимурод Авазхўжаев ва Фотима Юнусхўжаева билан қилган суҳбатлари асосида радионинг биринчи сухандони ким бўлгани ўз исботига эга бўлади.

Б.Рихсиев 1965 йилда радионинг биринчи сухандонини ахтариб топишга ва унинг радио ҳақидаги хотираларини ёзиб олишга эришади. Шундай қилиб, Н.Камоловнинг хотираларига кўра, у 1928 йили Ўрта Осиё давлат университетининг мелиорация факультетида ўқиб юрган чоғлари ўша пайт Тошкент радиоэшиттириш станциясининг рус бўлими бошлиғи Сумбатовннинг таклифига биноан радиода иш бошлаган ва шу тариқа радионинг биринчи сухандони номига эга бўлган.

1930 йилдан кўчма радиостанциялар орқали концерт залларидан, майдонлардан, йиғилишлар, оммавий тадбир ва концертлардан эшиттиришлар эфирга берила бошланди. Тошкент радиосини Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аҳолиси ҳам эшитиш имкони яратилди.

1931 йил 10 декабрь куни Тошкентда Радиоэшиттириш комитети ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўша пайтда радионинг таъриф ва тавсифи халқ орасида оғиздан оғизга кўчиб юргани ҳақида “Пахта учун кураш” радиогазетаси биринчи муҳаррири, қолаверса ўзбек радиосининг энг биринчи эшиттиришлари матнини тайёрлаган радио журналист, муҳаррир Искандар Қаландаров “Бизда радиогазетачилик ишлари” (1932 йил) номли рисоласини ёзади. У ўзининг радиогазета эшиттиришини ўша пайтларда вақтли матбуотда нашр этиладиган мақолалар асосида тайёрлайди.

1960 йилда Ўзбекистон радиоси биринчи маротаба футбол репортажини стадиондан жонли узатди, 1962 йилда эса стериода овоз ёзиб олиш йўлга қўйилди. 1967 йилда Ўзбекистон радиосининг Республика радио эшиттириш ва овоз ёзиш уйи ташкил этилди. Бу даврда маҳаллий эшиттиришлар 15 соатни, чет элларда тингловчилар учун эшиттиришлар 9 соату 40 дақиқани ташкил этар эди. 1990 йилларда Тошкент халқаро радиоси дунё халқларининг 16 тилида кунига 17,5 соат эфирга чиқа бошлади.

Ўзбекистон радиосининг равнақ топишида сухандонлардан Н.Камолов, К.Рашидов, Ф,Юнусова, Т.Юнусхўжаева, Р.Губанова, Қ.Махсумов, А.Зева, журналистлардан У.Бўрхонов, В.Зияев, В.Семёнов, Х.Худойбердиев, Ф.Исхоқов, Х.Тўраев, С.Бухараева кабиларнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш лозим.

Бугун хусусий радиоканаллар ҳам кўпайган. Ҳар бир радио энг замонавий технологиялар асосида ишлаш амалиётига ўтди. Радио ҳатто бир киши томонидан бошқарилиши мумкин, бошловчи қўл телефони орқали оммага туну кун хабарлар улашиб бориш имконига эга.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.